1402 йил 20 июль куни ҳозирги Туркия давлати ҳудудида жойлашган Анқара шаҳри яқинида асрнинг энг даҳшатли муҳорабаларидан бири бўлиб ўтади. Замонасининг икки буюк давлати — Усмонийлар ва Темурийлар салтанати қўшини шу ерда тўқнашади. «Дарё» колумнисти Муҳаммадқодир Собиров ушбу тарихий жанг ҳақида ҳикоя қилади.

Можаронинг сабаб(лар)и нима эди? 

XV асрда Осиёда икки буюк туркий давлат тарих саҳнасига чиқади. Ғарбда буюк Салжуқийларнинг давомчиси ҳисобланувчи Усмон I асос солган Усмонийлар давлати кучайиб Кичик Осиё ва Болқон яримороли устидан ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Султонлик жуда тез юксалиб Европа ва Византия ҳукмдорларини ташвишга солиб қўяди. Султон Боязид I ўзининг Сербия, Болгария ва Қорамонийлар устидан қозонган шиддатли ғалабалари туфайли Йилдирим (Яшин) номини олади. Султоннинг Византия пойтахти Константинополни қамал қилиши бутун христиан дунёсини ларзага солди.

Бу даврда Марказий Осиёда мўғуллар босқинидан сўнг янги куч — Амир Темур бошлиқ Темурийлар давлати қад ростлаган эди. Соҳибқирон дея улуғланган Амир Темур ўша даврнинг энг кучли давлатларидан бири бўлмиш Тўхтамишхон бошлиқ Олтин Ўрда хонлигини мағлуб этган, унинг ҳужумидан кейин бу улкан давлат амалда парчаланиб кетганди. Амир Темурнинг Гуржистон ва Сурияни эгаллаб олиши натижасида икки буюк туркий давлат чегараси бевосита кесишади.

Амир Темур Олтин Ўрда юришини бошлаётган пайтда султон Боязид I Йилдиримга элчи юбориб, бирга ҳаракат қилишни таклиф қилади. Шарқона одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилган амир султонни «исломни ғайридинлардан ҳимоя қилувчи, Оллоҳнинг қиличи» дея алқайди. Амир Олтин Ўрдага Усмонийлар Болқондан, ўзи эса Кавказдан ҳужум ташкиллаштирмоқчи эди, аммо султон Боязид I Амир Темурга қўпол ва кескин жавоб хати юборади. Кейинги мактуб алмашинувлари ҳам шу тарзда якун топади.

Олтин Ўрда ва мамлукларни мағлуб этгач Амир Темур ўзининг кейинги рақиби Боязид I бўлишини билади. Соҳибқиронга қарши уруш олиб борган Қора Юсуфнинг Боязид I саройидан паноҳ топиши алоқаларнинг сўнгги ипларини ҳам узади. Амир Темур султондан Қора Юсуфни унга топширишни сўрайди, рад жавобини олган Амир Темур 1402 йилда Усмонийлар салтанати томон юриш бошлашга қарор қилади.

Фото: Look and Learn

Бу пайтда Боязид I Йилдирим Европада уруш олиб бораётганди. Султон ўзининг ҳукмдорлиги қудратини ошириш учун Константинополни қамал қилади. Византия императори Мануил II Палеолог ёрдам сўраб Европа ҳукмдорларига мурожаат қилади. Бироқ ички муаммолар гирдобида қолган Европа монархлари императорга мададга кела олмайди. Расман Византия империяси вассали ҳисобланмиш Трапэзунд (Трабзон) ҳукмдори Мануил III ёрдам сўраб Амир Темурга элчи юборади ва амир ҳокимиятини тан олишини билдиради. Унинг ортидан Византия императори ва Европа ҳукмдорлари ҳам Темурга совға-саломлар юбориб уни улуғлашни бошлайди. Христиан олами Темур сиймосида уларни Усмонийлардан халос қилувчи кучни кўрганди.

Амир Темур табиийки бу вазиятдан унумли фойдаланади. У европаликлар нима учун уни қўллаётганини яхши биларди ва бундан самарали фойдаланди. Бир неча ойдан бери маош ололмаётган Боязид қўшинидан фарқли равишда Европадан анча ҳадялар қабул қилган Амир Темур қўшини жанг олдидан яхшигина мояна олади. Бу ҳам жангда ҳал қилувчи факторлар бири бўлади.

Қолаверса Боязидни туркманларнинг ички норозиликлари ҳам безовта қилаётганди. Ҳатто элхонийларга ҳам бўйсунмаган бу кўчманчи қабилалар султоннинг асосий эътиборни Онадўлига эмас Болқонга қаратаётганидан норози эди.

Муҳорабанинг бошланиши

Улкан қўшинга эга Амир Темур уни ҳарбий ҳаракатларсиз ушлаб туриш қийин эканлигини биларди, шунинг учун амир юришни пайсалга солмайди. 1402 йил март ойида Амир Темур Анадолунинг шимоли-шарқига кириб келади. Юриш бошлашдан олдин у набираси Муҳаммад Султонни Самарқандга янги қўшин йиғиб келиш учун жўнатади. Амирнинг лашкари ҳақида маълумот йиғган Боязид бундан бехабар эди.

Амир Темур қўшинининг бир қисми Кемах қалъаси томон юриб уни эгаллаб олади. Асосий қўшин эса Арзирум орқали юриб Сивас шаҳрини қўлга киритади. Шу ерда унинг ҳузурига Боязид элчилари ташриф буюради. Темур уларни қабул қилади, аммо ҳадяларини олмайди. Элчиларга ўзининг улкан армиясини кўрсатган Амир Темур нафақат уларнинг, балки улар орқали усмонлилар қўшинининг ҳам руҳиятини туширишга эришади.

Султон Боязид ҳам беклари ва иттифоқчиларини Амир Темурга қарши юриш учун йиғади. Усмонлилар қўшинининг асосий қисми пиёдалар бўлиб, сипоҳийлар (енгил қуролланган отлиқлар) ва сербларнинг оғир қуролланган отлиқ аскарлари қўшинда суворий қисм ҳисобланарди. Амир Темурнинг лашкарининг асосий қисми эса бир неча катта жангларда чиниққан ва ғалабаларнинг асосий омили бўлган туркий ва мўғуллардан ташкил топган отлиқ аскарлар эди. Темур отлиқлари жуда тажрибали ва кучли эканлигини билган Боязид I Йилдирим жангни текисликда эмас, балки қалъа ёки тоғ ёнбағирларида олиб бормоқчи бўлади. Амир Темурнинг Анқара томон қўшин тортганини эшитган султон қўшини билан Анқара томон йўлга чиқади. Боязид қўшинлари Анқарага етиб келганда Темур қўшинининг Сивас шимолидаги Токатга ҳужум қилгани ҳақида хабарни эшитади. Бу ҳудуд султон учун ажойиб стратегик жой эди, тоғ ёнбағри ва қалин ўрмонлар усмонли пиёдаларига темурийлар отлиқ қўшини билан тенг кураш олиб бориш имконини берарди. Боязид I дарҳол Токат томон юришни бошлайди. Аввал бошдан Боязидни чалғитишни режа қилган Амир Темур унинг йўлга чиққани эшитиши билан қўшинга ҳужум қилишни тўхтатишни буюради ва Қайсари орқали Анқара томон юради. Марказий Осиё қўшини асосан отлиқлардан иборат бўлгани учун нисбатан тез ҳаракатланади ва йўлда дам ҳам олади. Анқарага етиб келиши биланоқ Темур шаҳарни қамал қилишга киришади. Усмонли лашкари етиб келгунига қадар амир Анқара ёнидаги Чубуқ майдонига қароргоҳ тиклаб, ҳимоя иншоотларини қурдиради. Анқарага қайтиб келган Боязид қўшини саккиз кун тинмай йўл босганди. Саркардалари Мовароуннаҳр қўшини жангга тўлиқ тайёр бўлмасдан туриб ҳужум бошлашни маслаҳат берганига қарамай Боязид I лашкарга бир кун дам беришга қарор қилади.

Муҳорабада қанча аскар иштирок этганига манбаларда турлича кўрсатилган. Баъзи манбаларда умумий қўшинлар сони миллиондан ошганини айтилса, бошқаларида бу сон беш юз минг атрофида дея айтилган. Амир Темур лашкари сони Боязид I қўшинидан сон жиҳатдан устун бўлган, аммо бу жуда катта сонни ташкил қилмаган.

Амир Темур қўшини чап қанотига унинг кенжа ўғли Шоҳрух Мирзо қўмондонлик қилади. Ўнг қанотни эса Мироншоҳ Мирзо бошқаради. Самарқанддан келган отлиқлар ва зирҳли филлардан иборат марказни Темурнинг невараси Муҳаммад Султон жангга олиб киради. Анча кексайиб қолган соҳибқироннинг ўзи эса марказ ортидаги захира қўшинига қўмондонлик қилади.

Румелия (Болқон яримороли турклар томонидан шундай аталган) ва Анадолу туркман кучларидан иборат усмонли қўшинининг чап қанотини султон Боязид I нинг ўғли Сулаймон Чалабий бошқаради. Ўнг қанотда эса оғир зирҳли серб отлиқлари ва Анадолунинг узоқ ўлкаларидан келган туркман суворийлари Сербия ҳукмдори Стефан Лазерович етакчилигида жангга киради. Боязид Йилдиримнинг ўзи эса яничар ва азап (Усмонли қўшини енгил қуролланган камончи-пиёдалари) қўшини билан марказда жойлашади, унга ўғиллари Исо, Мусо ва Мустафо ҳамроҳлик қилади. Усмонли захира қисмини сипоҳийлар ташкил қилади.

Жанг Мовароуннаҳр лашкари қанотлари ҳужуми билан бошланади. Усмонийларнинг ўнг қаноти Шоҳрух Мирзо бошчилигидаги темурийлар қўшини ҳужумини қайтаради ва қарши ҳужумга ўтади. Боязид I ва саркардаларнинг маслаҳатига қарамасдан ичкарилаб кетган Стефан Лазерович қўшини ортдан ҳужумга учраб асосий қўшиндан узиб қўйилади ва қаттиқ зарбага учрайди. Натижада улар чекинишга мажбур бўлади.

Мовароуннаҳр қўшини ўнг қаноти Мироншоҳ Мирзо бошчилигида Сулаймон Чалабий қўшинига ҳужум бошлайди. Кичик Осиё туркманлари тезда позицияларни бой беради ва кутилмаганда Усмонийлар ҳужуми даврида қочиб кетиб ва Темур тарафига ўтган собиқ раҳбарларини кўрган туркманлар Темур қўшини тарафига ўтади ва усмонийлар кучларига ҳужум қилади. Жанг бой берилганини сезган Сулаймон Чалабий ишончли аскарлари билан жанг майдонини тарк этишни бошлайди. Бироқ Усмонийларнинг захирадаги сипоҳийлар қўшини чап қанотга сафарбар қилинади ва вазиятни барқарорлаштиради.

Анқара жанги харитаси

Фото: Alchetron

Марказда Боязид қўшинлари Темурнинг отлиқ қўшинлари билан муваффақиятли жанг олиб боради. Туркий-мўғул отлиқларнинг отдан туриб камондан ўққа тутишига жавобан усмонли қўшини азаплари пиёда туриб камондан ўқ отади, бу темурий қўшинига ғалаба олиб келган отдан туриб ўққа тутиш услубидан яхшироқ натижа бера бошлайди.

Усмонли захира қисми чап қанотга сафарбар этилгани, турк қўшинининг бутун кучлари жангга киргани ҳақидаги хабарни олган Амир Темур Самарқанд қўшини ва филларни жангга киргизиш пайти келганини билади ва набираси Муҳаммад Султон бошчилигида қўшинни марказга ташлайди. Филлар иштирокидаги бу ҳужум усмонли қўшинини яксон қилади. Боязид I оз сонли яничарлари билан яқин атрофдаги тепаликка кўтарилиб ҳимояга киришади. Қуршовга тушиб қолган Боязидни бир нечта содиқ вассалари, жумладан Стефан Лазерович ва сипоҳийлар охиригача қўллаб-қувватлайди. Стефан Лазерович рицарлари билан уч марта қуршовни ёришга муваффақ бўлади ва ҳар сафар султондан қочиб кетишни сўрайди. Бироқ мағрур ва қайсар Боязид буни рад қилади. Эҳтимол у меросхўри Сулаймон Чалабийнинг хавфсиз қочиб кетишини таъминлаш учун ҳам шундай қилган бўлиши мумкин. Ниҳоят қочиб кетишга қарор қилган Боязидни темурий аскарлари йўлда асирга олади.

Ушбу жанг натижаси қандай бўлди?

Анқарадаги ғалабадан сўнг бутун Кичик Осиё Амир Темур қўлига ўтади. Темур унинг тарафда туриб урушган Кичик Осиёдаги собиқ ҳукмдорларга ўз мулкларини қайтариб беради.

Усмонийлар султони мағлуб бўлгани ва асир тушгани ҳақидаги хабар Ғарбга етиб бориши билан улар буюк ҳукмдор Амир Темурни қутлашга шошиладилар. Аммо орадан бир неча ой ўтгач Темур Осиёдаги сўнгги салибчилар нуқтаси Смирна(Измир)ни қамал қилади ва шаҳарни эгаллагач қирғин уюштиради. Шундан кейин христиан дунёси улар учун Усмонийлардан ҳам даҳшатлироқ куч пайдо бўлганини ҳақида ўйлай бошлайди. Лекин Амир Темур Ғарбга юришни давом эттирмади.

Асир олинган Боязид I Амир Темур ҳузурида

Фото: Akg Images

Темур Усмонлилар шаҳзодаларини ўлдирмайди, уларни ўз қўли остидаги амирликларда яшашига рухсат беради. Тез орада улар ўртасида тахт учун ўзаро урушлар бошланади ва салтанат таназзулга юз тутади. Султонликни тўлиқ қулашдан сақлаб қолган омил соҳибқироннинг Хитой юриши пайтида вафот этгани бўлди.

Кўпчилик ғалабадан сўнг Осиё ва Европанинг янги хўжайини темурийлар бўлишини тахмин қилади. Аммо узоқ келажакда Усмонийлар ўзини тиклаб, салтанатни қайта оёққа турғизади ва 1453 йил Константинополни заб этади. Усмонли ҳукмдорлари 1920- йилгача ҳукмронлик қилган дунё тарихидаги улкан империялардан бирини барпо этди.

Темурийлар эса Амир Темур вафотидан кейин бирин-кетин ҳудудлардан айрила боради ва охир-оқибат фақатгина Мовароуннаҳр ва Хуросон билан чекланувчи кичик давлатни бошқаради. XVI асрда бу давлатга Дашти Қипчоқдан кириб келган ўзбеклар хотима беради.