Жонс Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 182 653 642 кишини ташкил қилмоқда, шуларнинг 3 955 835 нафари вафот этган. Касалланиш ҳолатларининг сони бўйича АҚШ (33,6 миллион), Ҳиндистон (30,4 миллион), Бразилия (18,6 миллион), Франция (5,8 миллион) ва Россия (5,4 миллион) энг олдинда бормоқда.

Жанубий Кореяда гуллаган кунгабоқарлар

Фото: AP Photo

Исроилда 1 июль ҳолатига кўра, ўтган бир кеча-кундузда 307 кишида коронавирус аниқланди, бу апрелдан буён энг юқори кўрсаткичдир.

Шу тариқа жами касалланганлар сони 1990 га яқинлашмоқда. Шуларнинг 29 нафари оғир аҳволда, улар орасида 17 киши сунъий нафас олдириш аппаратига уланган.

Исроил аҳолини эмлаш энг юқори суръатларда бораётган мамлакатлардан биридир, у ерда аҳолининг 55 фоиздан ортиғи тўлиқ, қарийб 60 фоизи эса камида битта дозада эмланган.

Шунга қарамай, мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги келаси ҳафта Исроилда ҳар куни 500-600 нафардан бемор аниқланишини кутмоқда.

Евроиттифоқда 1 июлдан COVID-статус ҳақидаги рақамли сертификатлар тизими ишга тушди — уларнинг ёрдамида эмланганлик, коронавирусга нисбатан манфий натижали тест ёки одамнинг яқинда касалликка чалиниб, соғайганидан хабардор бўлиш мумкин.

Сертификат уни тан оладиган мамлакатлараро қўшимча текширувларсиз саёҳат қилиш имконини беради. Ҳужжат QR-код, смартфондаги электрон нусха ёки қоғоз шаклида бўлиши мумкин. У Евроиттифоққа аъзо 27 та мамлакатнинг барчасида, шунингдек, Швейцария, Исландия, Норвегия ва Лихтенштейнда тан олинади.

Уни Евроиттифоқ фуқаролари ҳам, иттифоққа кирмайдиган ва ушбу сертификатни миллий даражада жорий қилмаган давлатлар вакиллари ҳам олиши мумкин. Аммо уни вакцинациядан кейин оладиганлар учун битта шарт бор: улар Евроиттифоқда тан олинган тўртта вакцинадан биттаси билан эмланган бўлиши керак, булар: Pfizer/BioNTech, Oxford/AstraZeneca, Moderna ҳамда Johnson & Johnson вакциналаридир.

Аммо Евроиттифоқ даражасида маъқулланмаган вакциналар ҳам сертификатга киритилиши мумкин, у ҳолда COVID-паспорт эгаси йўл олаётган мамлакат ҳукумати уларни киритиш-киритмасликни ўзи ҳал қилади.

Европада чекловлар юмшатилгани туфайли коронавирусга чалинганлар сони ўсиб кетди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Европа бюроси директори Ханс Клюгенинг айтишича, Евро-2020 га ташкилотчилик қилаётган шаҳарлардаги стадионларда ҳамда паб ва барларда оломон тўпланиши Евроиттифоқда коронавирусга чалиниш сони ўсишига олиб келмоқда. Сўнгги бир кеча-кундузда энг кўп касалланиш қайд этилган ўнта мамлакатнинг тўрттаси Европа минтақасида жойлашган.

ЖССТ маълумотларига кўра, агар мухлислар ва бошқа одамлар эҳтиёткор бўлмаса, минтақада янги касалланиш ҳолатларининг ўн ҳафтадан буён давом этаётган камайиши тугаб, янги тўлқин бошланади.

Ўз навбатида, Германия ички ишлар вазири Хорст Зеехофер УЕФА’нинг Евро-2020 га кўп сонли одамларни киритиш қарорини «мутлақо масъулиятсизлик» деб атади.

Шунингдек:

  • Португалия ҳукумати коронавирусга чалиниш даражаси юқори бўлган ҳудудларда, шу жумладан, пойтахт Лиссабонда 23:00 дан 05:00 гача тунги комендантлик соатини жорий қилмоқда. Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони февралдан буён энг юқори нуқтага етди — бир кунда 2000 дан ортиқ одамда вирус аниқланмоқда.
  • Испанияда ҳали эмланишга улгурмаган ёшлар орасида касалланиш ҳолатлари кескин кўпайди. Мамлакатнинг 47 миллион аҳолисининг учдан бир қисмидан кўпроғи тўлиқ эмланган бўлса-да, сўнгги кунларда касалланиш даражаси кескин ошди — асосан эмланиш учун навбат кутаётган ёшлар касалланмоқда.