Ўзбекистонда коронавирус ҳақида маълумот берувчи Koronavirus Info Telegram-канали очилган эди. Ушбу канал 24 июнь куни Times.uz деб номланиб, ўз йўналишини бутунлай ўзгартирди.

Фото: «Дарё»

Эндиликда ушбу каналда фақат коронавирус ҳақида эмас, бошқа янгиликлар ҳам бериб борилади. @koronavirusinfouz учун эса айни пайтда 50 нафардан ортиқ обуначи бўлган янги канал очилди.

Koronavirus Info иккинчи карантин авжига чиққан пайтда Ўзбекистондаги энг оммабоп Telegram-канал эди — обуначилар сони 1,4 миллион кишига етганди. Махсус комиссия ахборотлари ҳам айнан шу каналда эълон қилинар эди. Канал верификацияга ҳам эга эди. Карантин юмшагач, одамлар канални тарк эта бошлади ва июнь ойига келиб 400 мингдан сал кўпроқ обуначи қолди.

Канал эгалари эса пандемияга оид бўлмаган хабарларни ҳам беришда давом этди. Бундай хабарлар 8 июндан #Timesuz хештеги билан берила бошлади. Эътиборли жиҳати, каналда 15 мартдан 22 апрелгача бўлган барча постлар ўчирилган. Махсус комиссия қарорлари ҳам ўчиб кетган.

Маълумот учун, Koronavirus Info Telegram-каналини 2020 йилнинг баҳорида ўша вақтда Ёшлар Иттифоқи марказий кенгаш раисининг инқирозий пиар менежмент бўйича маслаҳатчиси, кейинчалик Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди матбуот котиби бўлган Ҳикматилла Убайдуллаев очган.