Ўйин оламидаги Gucci виртуал сумкаси унинг ҳақиқий муқобилидан қимматроққа — 4115 долларга сотилди. Реал сумкани эса 3400 долларга харид қилиш мумкин, деб хабар беради Esquire.

Фото: Esquire

Roblox гейм-платформасида 17—31 май кунлари Gucci виртуал маҳсулотларининг онлайн кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Кўргазма доирасида геймерлар Robux ўйин ичи валютаси ҳисобига харидларни амалга ошириши мумкин. Фойдаланувчилардан бири асалари тасвири туширилган сумкани 475 Robux’га (тахминан 5,5 долларга) сотиб олди. Кейин эса уни ўйин ичидаги аукцион орқали 350 минг Robux’га (4115 доллар) сотишга муваффақ бўлди.

Ушбу сумка NFT форматидаги предмет эмас ва уни Roblox платформасидан яна бирор жойга экспорт қилиб бўлмайди, яъни у фақат ўйин ичидаги предмет ҳисобланади.

Аввалроқ Gucci виртуал кроссовкаларни сотувга чиқаргани тўғрисида хабар берилганди. Уларни мобил илова орқали «кийиб кўриш» ва харид қилиш мумкин.