Сирдарё вилояти маъмурий маркази Гулистон шаҳридаги «Юрт байроғи» майдонида 9 май куни Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабанинг 76 йиллиги муносабати билан байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев байрам нутқи билан чиқиш қилган. Унинг чиқишидан сўнг Ўзбекистон давлат мадҳияси ижро этилган. Мадҳия ижроси вақтида ҳокимнинг ортида турган ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари қўлини қаерга қўйиши билмай, ноқулай аҳволда қолган.

Маълумотларга кўра, тадбир дастлаб вилоят ҳокимлигининг Facebook’даги саҳифаси орқали жонли эфирда кўрсатилган, ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар ходимлари билан боғлиқ вазият видеопарчаси ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетгач, видео ўчириб қўйилган.

Маълумот учун, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига кўра, «Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси кўпчилик ҳузурида ижро этилганда... ҳарбий ёки давлатнинг бошқа хизматидаги махсус кийимдаги шахслар эса қўлини бош кийимига қўйиб тинглайди».