Тошкентнинг Чилонзор туманидаги Муқимий—Чилонзор кўчалари чорраҳасида жойлашган кўп қаватли уй деворида Абдулла Қодирийнинг хотирасига бағишланган стрит-арт пайдо бўлди. 10 апрель куни Абдулла Қодирийнинг 137 йиллиги кенг нишонланди.

Фото: Instagram / @inkUZart

Кўча санъанати намунасини @inkUZart тахаллуси билан ижод қилаётган кўча рассоми Абдураҳмон Умаров чизган.

Рассомнинг Instagram’даги саҳифасида эълон қилинган видеодан кўриш мумкинки, рассом уй деворига Абдулла Қодирийнинг тасвирини тушириб, ёнига «Аҳволимиз» номли ғазалини ҳам туширган.

Аввалроқ @inkUZart Тошкентдаги бинолар деворларини коронавирус пандемияси мавзусидаги граффитилар билан безаётгани тўғрисида хабар берилганди.

2020 йилнинг ёзида Абдураҳмон Умаров Чилонзор туманидаги даҳаларни турли тасвирлар билан «бойитиш» ниятида эканини маълум қилганди. «Чилонзорни галереяга айлантирмоқчиман. Кейин эса бошқа туманлар, шаҳарлар, мамлакатлар ва қитъаларга ўтаман» деган эди ўшанда.

Унинг сўзларига кўра, Чилонзор кўчаларида санъатга жой топиш қийин. Қонунчиликка кўра турар жой биноларининг деворларига чизишга рухсат берилмаган.