Токиоданинг Сугинами шаҳридаги бошланғич мактаблардан бирининг ўқувчи ёшлари 2021 йилнинг июлида бошланадиган Олимпиада ва Паралимпиада ўйинларига тайёргарлик лойиҳаси доирасида Ўзбекистон мадҳиясини куйлади.
Сугинами шаҳри Токионинг ғарбий қисмида жойлашган алоҳида 23 та тумандан бири ҳисобланади. 570 минг аҳоли истиқомат қиладиган шаҳар ўзининг боғлари ва кўкаламзорлари билан машҳур. Сугинами шаҳри ҳар йили август охирида ўтказиладиган Tokyo Koenji Awa-Odori фестивали билан дунёга танилган. Унда 10 мингга яқин раққослар ва миллионлаб томошабинлар Токионинг жозибадорлигини ўзида мужассам этган байрамда иштирок этади.
Шаҳар мэри Рио Танака ва Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Ғайрат Фозилов ўртасида 2020 йилнинг 25 февралида имзоланган келишувга кўра, Сугинами ўзбекистонлик спортчилар учун мезбон шаҳарга айланган.
Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио—2020 Олимпиада ва Параолимпиада ўйинларидан олдинги машғулотларни айнан шу шаҳарда ўтказади.
Токайдодаги бошланғич мактаб ўқувчилари лойиҳалардан бири доирасида Ўзбекистон жамоасини қўллаб-қувватлаб, мамлакат давлат мадҳиясини куйлади. Бу сафар улар япон филармоник оркестри билан чиқиш қилган.
Ўқувчиларга Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлиши учун уларга турли слайдлар орқали дарслар ўтилган.
Ўқувчи ёшлар «Ўзбекистонни қўллаб-қувватлаймиз!», «Табассум билан ғалабага эриш», «Кел, дўст бўламиз» каби шиорлар остида ўзбекистонлик спортчиларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.
Изоҳ (0)