Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Прагадаги апрель қори

Прагадаги апрель қори
Фото: AP Photo

Ўтган бир ҳафта ичида бутун дунёда коронавирусга чалиниш бўйича 4 миллионтадан ортиқ янги ҳолат аниқланди. ЖССТ қайд этишича, бу ундан олдинги бир ҳафталик кўрсаткичга нисбатан 5 фоизга кўпдир. Вирусдан ўлим ҳолатлари эса сўнгги етти кунда 11 фоизга кўпайиб, 71 мингтага етди. Умуман олганда, COVID-19 билан боғлиқ янги ҳолатлар кетма-кет олти ҳафтадан буён ўсмоқда.

Касаллик ўсишининг энг юқори суръатлари Жануби-Шарқий Осиё (айниқса Ҳиндистон)да ва Тинч океанининг ғарбий қисмидаги минтақаларда кузатилди. Африка қитъасидан бошқа барча минтақалар ўлимлар сони ошганини маълум қилди, 46 фоизлик энг катта ўсиш эса Жануби-Шарқий Осиёда юз берди, дейилади ЖССТ хабарида.

Энг кўп касалланиш ҳолатлари Ҳиндистонда (513 мингта янги ҳолат, ўсиш 38 фоиз), Бразилия (505 минг, пасайиш 5 фоиз), АҚШ (444 минг, +5%), Туркия (265 минг, +43%), Франция (244 минг, -4%) қайд этилди.

Жами эса, ЖССТ маълумотларига қараганда, бутун дунёда 131,4 миллион киши касалликни юқтириб олган ва 2,8 миллион киши вафот этган. Ўтган бир кеча-кундузда эса 434 мингта касалланиш ва 6,6 мингта ўлим ҳолатлари аниқланган.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотлари бўйича, дунёда коронавирусга чалинганлар сони 132,2 миллион, вафот этганлар эса 2,8 миллионга етган. Сўнгги 24 соат мобайнида касалланганлар 490 минг, вафот этганлар 7,4 минг кишига кўпайган.

Канадада айни пайтда коронавируснинг учинчи тўлқини содир бўлмоқда, дея маълум қилди мамлакат бош вазири Жастин Трюдо. «Бутун дунё бўйлаб мамлакатлар ушбу пандемиянинг жуда кучли учинчи тўлқини билан юзлашмоқда. Айни пайтда шундай давлатлардан бири — Канада», — деди у.

ОАВлар қайд этишича, сўнгги бир ҳафтадан буён Канадада бир кунда ўртача 5,2 мингта касалланиш ҳолатлари аниқланмоқда, касалхонага ётқизиш ва беморларни интенсив даволаш палаталарига ўтказиш ҳолатлари эса кўпайган.

Шу билан бирга, Канадада 10 миллиондан ортиқ дозадаги коронавирусга қарши вакцина тақсимлаб бўлинган. Канаданинг 38 миллион аҳолиси орасида хоҳловчилар сентябрь охиригача вакцина олиб бўлади.

АҚШда аҳолини эмлашдаги муваффақиятларга қарамай, коронавируснинг янги мутациялари тарқалиши оқибатида касалланганлар сони ҳам ортиб бормоқда. «АҚШ пандемия билан курашда финиш чизиғига яқин қолди, дейишга ҳали эрта», — деди АҚШ президенти Жо Байден. У 19 апрелдан барча вояга етган АҚШ фуқаролари эмланиш имкониятига эга бўлишини ваъда қилди.

Шу билан бирга, ўлим ҳолатлари йил бошидаги кўрсаткичларга нисбатан камаймоқда, деди Байден. У аҳолини вакцинация қилиш суръатларининг ошишини яхши янгилик сифатида келтириб ўтди. «Президентлигимнинг илк 100 кунида 200 миллионта вакцинациядан иборат бўлган мақсадимни амалга ошириш йўлидамиз», — деди у.

Шунингдек:

  • Австрияда фуқаролар сартарошхоналар ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги бошқа ташкилотларга ҳамда ноозиқ-овқат дўконларига бориш учун кўпи билан 48 соат олдин топширилган манфий натижали коронавирус тестини тақдим этиши керак бўлди.
  • Буюк Британияда вояга етган аҳолининг 60 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозаси билан эмланди. Иккита дозани ҳам қабул қилганлар улуши эса 10,4 фоизни ташкил қилди. Хитойда эса аҳолига 145,3 миллионта вакцинация қилинди.
  • Британияда эҳтимолий хавфлар ҳақидаги маълумотлар фонида Оксфорд университети AstraZeneca вакцинасини болалар ва ўсмирларда синашни тўхтатди. Британия регулятори вакцина ва тромбозлар ҳосил бўлиши ўртасидаги боғлиқлик борасида қарор қабул қилганидан кейин давом эттирилиши мумкин.

Изоҳ
Асосий янгиликлар