Бухоро вилоятининг Ромитан туманида ноқонуний равишда катта миқдордаги валютани айрибошлаган фуқароларга жиноят иши қўзғатилди. Ҳолат вилоят ИИБ ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Ромитан туман бўлими ходимлари ҳамкорлигидаги тадбирда аниқланди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, Ромитан туманидаги «Навбаҳор» маҳалласида яшовчи 44 ёшли фуқаро Р.T. ва «Ёмғир» маҳалласининг 33 ёшли фуқароси Ҳ.А. ноқонуний равишда валюта айрибошлаш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улар 2021 йилнинг 26 март куни туман марказида жойлашган «Миллий таомлар» ошхонасида фуқаро М.А.га ҳар бир долларини 10 минг 450 сўмдан сотиш мақсадида жами 3 минг долларни 31 миллион 350 минг сўмга айрибошлашга келишган. Шу куни соат тахминан 19:30 да ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан тезкор тадбир ўтказилган ва Р.T. ҳамда Ҳ.А. фуқаро М.А.дан келишилган пулдан 30 миллион 350 минг сўмини олаётган вақтда қўлга олинган. Ҳолат холислар иштирокида расмийлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Р.T. ва А.Ҳ.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 177-моддаси 3-қисми, «в» банди (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.