Мьянмадаги полиция ҳамда кўчаларда намойиш ўтказаётган фуқаролар ўртасидаги тўқнашувларда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ўқотар қуролдан фойдаланиши оқибатида 38 кишининг ҳалок бўлгани маълум қилинди. Бу ҳақда брифингда БМТнинг махсус вакили Кристин Шранер Бургенер ахборот берган, деб ёзмоқда «ТАСС».

Фото: Getty Images

«Бугун — 1 февралда бошланган Мямадаги давлат тўнтаришидан кейинги энг даҳшатли кун. 38 нафар инсон ҳалок бўлди, 1 февралдан бери намойишлар қурбонига айланганлар сони эса 50 нафардан ошди», — деган БМТ вакили.

Дипломат мамлакатдаги фаоллар тақдим этган видеоёзувларни кўриб чиққан экспертлар хулосасига кўра полициячилар томонидан намойишчиларга нисбатан ўқотар қурол, яъни пистолет ва пулемётлардан фойдаланилгани аниқланганини қўшимча қилган.

Фото: Getty Images

1 февралда Мьянма ҳарбийлари мамлакатда бир йил муддатга фавқулодда ҳолат эълон қилингани ва давлат бошқарувидан президент Вин Мйин ҳамда давлат масалаҳатчиси Аун Сан Су Чжи четлаштирилгани ҳамда ҳибсга олинганини эълон қилган. Ҳарбий қўшин вакиллари 2020 йилда ўтган сайловларда катта ҳажмда овозларни қалбакилаштириш ишлари амалга оширилганини таъкидлаган. Ҳарбийлар Вазирлар Маҳкамаси янги таркибда тузилганини билдирган. Республика фуқаролари февраль бошидан буён мазкур сиёсий жараёнларга қаршилик билдириб, намойишлар ўтказмоқда, оммавий тартибсизликлар полиция ва хавфсизлик кучлари томонидан бартараф этилмоқда.