1258 йил 10 февраль куни бир неча кунлик қамалдан сўнг, Ҳулагухон бошлиқ моғуллар қўшини Ислом халифалиги пойтахти, илм маркази Бағдод шаҳрини эгаллади ва шаҳарнинг кулини кўкка совурди. «Дарё» сана муносабати билан мазкур воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Тарихий шароит
Бу даврда Ислом халифалиги бошида Аббосийлар сулоласидан бўлган халифа ал Мустасим эди. Умуман, Аббосийлар халифалик бошига 750 йилга келган ва IX асрдан бошлаб ўзининг асосий катта ҳудудларидан айрилиб қолган эди. Жумладан, 801 йилда Тунис ва Траблус (Триполитания), 825 йилда Озарбайжон, 850 йилда Яман, 864 йилда Табаристон, 870 йилларда Синд ва Форс, 875 йилда Мовароуннаҳр, 879 йилда Кипр, 884 йилда Арманистон ҳудудлари, 889 йилда Эрон Озарбайжони, 899 йилда Арабистон яриморолининг бир қисми (Ҳижоздан ташқари), 907 йилда эса юқори Месопотамияни қўлдан бой берди.Энг ёмони 945 йилда халифалик тахтига шиаларнинг Бувайҳийлар сулоласининг вассал сифатида ал Мути ўтирди. Шу тариқа халифа ўзининг сиёсий ҳуқуқларидан маҳрум бўлиб, фақат диний ҳуқуқларни ўзида сақлаб қолди. 1055 йилдан халифалик Салжуқийлар ҳукмронлиги остига ўтди ва бу 1157 йилгача давом этди. Аммо мустақилликка эришганига қарамай, унинг ҳудуди фақатгина қуйи Месопотамия билангина чекланиб қолган эди. Шунга қарамай, унинг рамзий аҳамияти юқори эди ва пойтахт Бағдод ҳамон илм-фан маркази эди.
XIII аср бошида Гоби саҳросида янги бир куч пайдо бўлди. Бу Чингизхон асос слоган мўғуллар империяси эди. Қисқа вақт ичида Форсгача етиб келган мўғуллар 1257 йилга келиб Бағдод остоналарига келди. Бу вақтга келиб улар Марказий Осиё, Хуросон, Форс, Кавказ ва Кичик Осиёни забт этиб улгурган эди.
Чингизхон вафотидан кейин унинг тахтида учинчи ўғли Ўқтой ўтиради. Форс ва Хуросон ҳудудлари Чингизнинг тўртинчи ўғли Тулунинг ихтиёрида эди. Кейинчалик бу ерда Илҳонийлар сулоласига асос солинади. Илҳонийларнинг энг йирик ҳукмдори эса Ҳулагухон эди. Илҳонийлар ҳам, Жўжи улуси ҳам, Чиғатой улуси ҳам марказий ҳокимиятга бўйсунар эди. Шу сабабдан, Ҳулагухон Бағдодга юриш ҳақидаги амрни Пекиндан, яъни улуғхон Мўнкехондан олади.
Шундай қилиб, Мўнкехон буйруғи билан Ҳулагухон катта қўшин тўплаб Бағдод устига юради. Отамалик Жувайнийнинг маълумотларига кўра, қўшин таркибида мингта Хитой тўплари, шунингдек, арманлар, гуржилар, турклар ва форслардан иборат бирликлар ҳам бор эди. Ҳулагухон қўшинининг сони 120 мингдан 150мингача кишини ташкил қилгани манбаларда қайд этилган. Қўшинга бош қўмондон Ҳулагухоннинг ўзи бўлса, ундан ташқари Арғун оға, Байжу Нўён, Буқа Темур, Кетбўға сингари машҳур мўғул қўмондонлари ҳам ўз бирликлари билан етиб келган эди.
Халифанинг эса 80 мингга яқин қўшини бор эди. Бу пайтга келиб, ислом олами тушкун бир вазиятда эди. Бир томондан салиб юришлари, иккинчи томондан Марказий Осиёдаги кучли ислом давлатларининг мўғуллар томонидан забт этилгани халифани ёлғизлатиб қўйган эди. Унга ёрдамга фақатгина Айюбийлар ёрдамга етиб келган эди. Булар Хумс амири ал Ашраф ал Муса ва Курдистон амири Шаҳобиддин Сулаймоншоҳлар эди.
Бағдод қамали
Тайёргаликлар ниҳоялангач, мўғуллар 1257 йилнинг ноябрь ойида Бағдодга етиб келди. Ҳулагухон дастлаб Халифага таслим бўлишни таклиф қилади. Аммо халифа буни рад этади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, халифанинг қўшини яхши тайёр эмас эди ва шаҳарнинг мудофаа деворлари ҳам мустаҳкамланмаган эди.Бағдод яқинига етиб келган мўғуллар икки қисмга бўлинди. Шу тариқа икки асосий чиқиш нуқтаси тўсиб қўйилди. Қўшиннинг бир қисми Дажла дарёсининг ўнг қирғоғига, қолган қисми эса чап қирғогига жойлашди. Халифа қўшинларининг биринчи чиқиши ғалаба билан якунланди. Улар моғулларнинг ўнг қирғоқдаги қисмларини чекинишга мажбур қилдилар. Аммо иккинчи ҳужум муваффақиятсиз якунланди. Дарёдан чиққан каналлар бузиб ташланди. Шу куни давом этган жангларда Аббосийлар қўшини қириб ташланди. Жанг давом этаётган бир пайтда, мўғуллар катапульталар ҳам ясашга киришди.
Шунга ўхшаш жанглар 1258 йилнинг январь ойи охирига қадар давом этди. 29 январь куни Бағдод шаҳрининг ҳақиқий қамали бошланди. Айтиш мумкинки, Бағдод қамали ўша давр учун жуда қисқа давом этган қамал ҳисобланади. Таққослаш учун айтадиган бўлсак, у даврларда қамаллар бир неча ойлар ва ҳатто йил давом этган. Шундай қилиб, моғуллар 5 февралга келиб шаҳар деворларидан кирадиган ёриқлар очишга муваффақ бўлди. Халифанинг сулҳ борасидаги таклифлари рад этилди. 10 февраль куни шаҳар таслим этилди. Улар шаҳарга ғолиб сифатида кириб келди. 13 февралдан бошлаб шаҳар учун қонли ҳафта бошланди.
Шаҳарнинг қай тариқа вайрон этилгани ҳақида кўплаб тарихий манбаларда етарлича тасвирлар мавжуд. Шаҳардаги энг катта кутубхона ичидаги илм-фаннинг турли соҳаларига оид минглаб китоблари билан бирга ёқиб юборилгани ҳақида тарихчилар афсус билан ёзиб қолдирган.
Моғил босқини пайтида ҳалок бўлган аҳоли ҳақида турли манбаларда турлича маълумотлар келтирилган. Хусусан, халифанинг аскарларидан 50 минг киши ҳалок бўлган бўлса, Мартин Сикер 90 минг тинч аҳоли ҳалок бўлганини ёзади. Бундан ташқари, бир қатор ғарб муаллифлари шу куни 200 мингдан, 800 мингача тинч аҳолининг қириб ташлангани ҳақида ёзган бўлса, араб муаллифлари асарлари бу рақамлар икки миллион деб кўрсатилади. Албатта, замонавий ҳисоб-китоблар бу рақамлардан анча пастдир. Бизнингча, Мартин Сикернинг ҳисоб-китоблари анча ҳақиқатга яқин.
Моғилларнинг бу даражада қаттиққўллик кўрсатишларининг сабабини, мутахассислар Чингизхоннинг маҳаллий халқлар руҳиятини синдириш ва шу орқали қаршилик ҳаракатларининг олдини олишга қаратилган стратегияси сифатида баҳолайди.
Сиёсий натижаси
Мўғулларнинг енгилмаслик шуҳрати Бағдод қамалидан кейин янада ортди. Бунгача улар Аламутни ҳам жангсиз эгаллаган эдилар. Аламутда, тарихда Ҳашшошийлар номи билан машҳур суиқасдчилар гуруҳи жойлашиб олган бўлиб, ўзларининг Низорийлар деб аталувчи давлатларига ҳам эга эдилар. Аламут ва Бағдод эгалланганидан кейин, моғиллар Миср ва Сурияга кўз тикди. Бу пайтда Мисрда Мамлуклар давлати ҳукмронлик қилар, уларнинг султони эса Хоразмшоҳлар авлодидан бўлган Сайфиддин Қутуз эди. 1259 йилда Ҳулагухон Қутуз ҳузурига элчилар юбориб, уни таслим бўлишга чақирди. Аммо Қутуз буни рад қилиб, элчиларни ўлдирди.1260 йил август ойида Қутуз катта қўшин тўплаб моғулларга қарши жиҳодга отланди. Шу йилнинг сентябрь ойида Айн Жалутда икки қўшин тўқнашди. Мўнкехоннинг вафоти ортидан Ҳулагухон қўшинни тарк этишга мажбур бўлди. Қўмондонлик эса Кетбуғага ўтди. Мазкур жангда Қутуз ва Бойбарс қўшини ғолиб бўлди ва моғилларнинг шу пайтгача қабул қилган энг йирик мағлубиятига сабаб бўлди.
Мисрга қайтган Бойбарс Қутузни тахтдан ағдариб ташлади. 1258 йилги Бағдод қирғинидан омон қолган Абулқосим Аҳмад Қоҳирга етиб келди ва у навбатдаги халифа деб эълон қилинди ва у ҳам ал Мустансир деб ном олди. Бағдоднинг сўнгги халифаси бўлган ал Мустансир эса, шаҳар таслим бўлгач, кигизга ўралиб отлар оёғи остига ташланди.
Шу тариқа, Бағдоднинг моғиллар томонидан ишғол этилишидан сўнг Бағдод энди халифалик маркази бўлмай қолди. Халифалик маркази бундан буён Қоҳира бўлди ва XVI асргача Ислом халифасининг шаҳри бўлиб қолди. XVI асрдан бошлаб эса халифалик Истанбулга кўчди ва Усмонли султонлари бир пайтнинг ўзида Ислом халифаси ҳам ҳисобланадиган бўлди.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)