Ўзбекистонлик олимлар COVID-19’нинг «британча» штаммини аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб бормоқда. Бу ҳақда инновацион ривожланиш вазирининг биринчи ўринбосари Шаҳло Турдиқулова Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Асуши Суда билан ўтказилган музокара давомида маълум қилди.

Фото: Инновацион ривожланиш вазирлиги

Учрашув давомида инновацион ривожланиш вазири биринчи ўринбосари вазирлик томонидан коронавирусга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтган. Хитойнинг Anhui ZhifeiLongcom Biopharmaceutical компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг III фаза клиник синовларини ўтказиш жараёни, коронавирусни аниқловчи ПЗР тест тизимлари ишлаб чиқарилаётгани, Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашга доир илмий тадқиқотлар ҳақида маълумотлар берган. Мазкур тадқиқотларни амалга оширишда Япониянинг ушбу соҳадаги илмий-тадқиқот ташкилотлари ва компаниялари билан ҳамкорликка тайёрлигини билдириб ўтган.

Шаҳло Турдиқулова Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази томонидан ПЗР тест тизимларини яратиш ва ишлаб чиқариш йўлга қўйилганини, ушбу марказ олимлари томонидан COVID-19’нинг «британча» штаммини аниқловчи тест тизимини яратиш устида иш олиб борилаётганини маълум қилган.

«Япония элчихонаси вакиллари билан ушбу тадқиқотларни амалга оширишда ҳамкорлик қилувчи япон ташкилотлари ва компанияларини топишда амалий кўмак бериш масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил март ойининг охирларида Илғор технологиялар маркази олимлари коронавирусни аниқлаш бўйича тест тизими ишлаб чиққани, майда эса мазкур марказ олимлари коронавирусга чалинганлар генидаги ДНК кетма-кетлигини аниқлагани ҳақида хабар берилганди.