YouTube’да Street Speed 717 ники остида танилган блогер янги Ram TRX пикапи ёрдамида канал устидан сакраб ўтишга қарор қилди, деб ёзади CARakoom.
Ғоя шунчаки пайдо бўлмаган, у сув устидан сакраб ўтишга Ford F-150 Raptor’ининг шу каби муваффақиятли уринишидан сўнг қарор қилган. Режа бўйича Bilstein фаол «подвеска»си ва 35 дюймли Goodyear ғилдиракларига эга Ram TRX трюкни бемалол бажариши керак эди. Бироқ барчаси кутилганидек бўлмаган.
Пикап етарли даражада юқорига кўтарилган, бироқ ерга қўнишда айрим муаммоларга дуч келган: дастлабки зарба оғирлиги олд йўловчи ғилдиракларига тўғри келган. Натижада олд бампер яхшигина эзилган. Бундан ташқари, орқа ойна ҳам синиб кетган, ҳатто кузовнинг пластик шовқин сўндиргичларига шикаст етган.
Шунга қарамай, бу каби «қўниш»дан сўнг ҳам Ram TRX мустақил ўзи устахонага ҳаракатланиб кетган.
2020 йил охирида Американинг Ram Trucks компанияси янги Ram TRX 2021 серияли пикапини ишлаб чиқаришни бошлаган эди. Биринчи партия ҳозирда конвейердан чиқиб бўлган. Аввалроқ пикаплардан бири конвейердан чиқишга улгурмай, пачақлангани тўғрисида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Ram Trucks ўтган йилнинг августида тақдим этилганди. У Ford Raptor’га рақобатчи ҳисобланади. Машинага 702 от кучи ва 880 Нм айланувчи моментни тақдим этишга қодир 6,2 литрли V8 Dodge Hellcat двигатели ўрнатилган. «Йиртқич» соатига 100 километр тезликка 4,5 сонияда эришиши мумкин. Максимал тезлиги — 190 км/соат.
Изоҳ (0)