1976 йил 15 январь куни АҚШ президенти Жералд Фордни ўлдиришга урингани учун Сара Жейн Мур умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. У 1975 йил сентябрь ойида Сан-Францискодаги Саинт Франcис меҳмонхонасидан чиқиб кетаётган президентга қарата ўқ узди. «Дарё» ушбу воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
Зўраки президент
АҚШда 1974 йили «Уотергейт» можароси натижасида амалдаги президент Ричард Никсонга нисбатан импичмент эълон қилинди, ҳокимият эса, қонунга мувофиқ, Жералд Форднинг қўлига ўтди.Аслида, Жералд оддий «тайинланувчи президент» эди ва агар Республикачилар партияси тепасида бир қатор можаролар юз бермаганида, Форд умуман президент бўла олмасди, чунки у сиёсий вазнга эга бўлмаган сиёсатчи эди. Замондошларининг фикрига кўра, Форд «Уотергейт» ишидаги шармандалик ва у билан боғлиқ шов-шувларни жуда оғриқли ўтказган. Ушбу иш натижасида республикачилар обрўсига етказилган даҳшатли зарарларни турли йўллар билан нейтраллаштиришга уринди ва президентликка киришганида: «Бизнинг узоқ муддатли миллий даҳшатларимиз тугади» деб эълон қилди.
Президент ёмон эмасди...
Ўзига ўта қаттиқ ишониб, бунинг ортидан панд еган Ричард Никсондан кейин ҳокимиятга келган Жералд Форд ўзини жуда эҳтиёткор тутди: у АҚШ ҳарбий қўшинларини Ветнамдан олиб чиқиб кетишни давом эттирди, тинчлантириш сиёсатига содиқ қолди ва Совет Иттифоқи билан яхши алоқалар ўрнатди, машҳур Хелсинки шартномаларини имзолади ва шахсан Леонид Брежнев билан ҳам учрашди.Яъни, 38-президент на ички ва на ташқи сиёсатда халққа ёқмайдиган ҳеч қандай қарорларни қабул қилмаган. Шунга қарамай Форднинг жонига суиқасд уюштирилди.
Икки томонлама жосус
Сара Жейн Мур 1975 йилда 45 ёшга тўлди ва шу вақтга қадар бошидан бир мунча воқеаларни ўтказган, юмшоқроқ қилиб айтганда, ҳаёти унча яхши эмасди. Бешта эр билан ажрашиш, тўртта бола ва зерикарли бухгалтерлик иши... Болалари бувиси ва буваси билан бирга яшар эдилар. Бир неча йиллар давомида Сара қайсидир маънода жамият томонидан тан олинишга ҳаракат қилиб яшади ва шу муносабат билан «сўлчилар» нинг турли учрашувларида фаол қатнашишни бошлади.Шу кетишида, эҳтимол, Сара Мур янги сиёсий муҳитда ўз ўрнини топа оларди, аммо кейинчалик унга Федерал қидирув бюроси алоқага чиқди ва уни ўз «қулоғига» айлантирди. Улар: «сиз виждонли Америка фуқаросисиз, бу лаънати коммунистлар ўзларининг севимли Ватанига қарши қандайдир ифлосликларни қилишлари мумкин, шунинг учун бизни гуруҳдаги воқеалардан огоҳ қилиб турасиз» - дейишди.
Мур янги сиёсий қарашларга тобора кўпроқ сингиб кетиш билан бирга федералларга батафсил ҳисоботларни ёзишни ҳам канда қилмади. Саранинг янги кумири - медиа магнатнинг қизи, аввал сўлчи радикаллар томонидан ўғирлаб кетилган ва кейин ўз хоҳиши билан уларга қўшилган Патрисия Хёрст эди. Икки томонлама агент бўлиш ҳаёти Сарага ёқарди, аммо романтик бухгалтернинг узун тили ўз бошига етди: у ўзининг сўлчи ўртоқларига ФҚБ билан ҳамкорлик қилишини айтди. Натижада, ФҚБ ҳам, сўлчилар ҳам ундан юз ўгиришди.
Ўзини кўрсатгиси келган аёл
Бунинг натижасида, у қаттиқ тушкунликка тушиб қолди, аммо бир неча ой давом этган депрессиядан кейин Мур ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликни давом эттиришга қарор қилди. Энди у алкоголь, тамаки ва ўқотар қуролларни назорат қилиш бюроси бўлмиш BATФ билан ҳамкорлик қила бошлади.Бу орада, Мур президентга қарши суиқасд қилишга тайёрлана бошлади, аммо 1975 йил 21-сентябрда унинг уйини полиция босди. Саранинг уйидан рўйхатдан ўтмаган Чартер Армс револвери ва унга мўлжалланган 113 дона патрон топилди.
Табиийки, унинг севимли ўйинчоғи полиция томонидан мусодара қилинди, аммо бу Сарани тўхтата олмади. Худди шу куни у қурол дўконига бориб, 145 долларга Smith & Wesson Model 60 револверини сотиб олди.
Модель 60 дунёдаги биринчи зангламайдиган пўлатдан ясалган револвер бўлиб, қуролга қизиқувчилар орасида жуда қадрланарди. Сара қуролларни яхши тушунарди, отиши ҳам чакки эмасди, чунки у ёшлигида аёллар армияси корпусида хизмат қилишга муваффақ бўлган. Шундай қилиб, янги «қурол» га эга бўлган Сара Мур 22-сентябр куни президент Фордни ўлдириш мақсади билан йўлга чиқди.
Суиқасд
Калифорния пойтахти Сакраменто шаҳри, соат 15:30, уч минг кишилик оломон навбатдаги сиёсий тадбирга йиғилган. Президентга яқинлашишнинг умуман иложи йўқ эди - Сара 12 метр масофадан туриб ўқ узди. Ўқ президент Форднинг боши ёнидан, тахминан 15 сантиметр баландроқдан ўтиб кетди.Сара яна ўқ отишга уринди, аммо унинг ёнида 33 ёшли собиқ денгиз пиёдаси, Вьетнам уруши фахрийси Оливер Сиппл пайдо бўлди, у аёлни ушлаб ерга йиқитди. Ерга ётиб қолган Сара узган иккинчи ўқдан, шунчаки президентни кўришга келган 42 ёшли такси ҳайдовчиси яраланди. Шу заҳоти президент қўриқчилари югуриб келиб вазиятни ўз назоратларига олишди.
Қаҳрамонларнинг кейинги ҳаёти
Сара Жейн Мур 2008 йил 1 январда озод қилинган. Сара хоним ҳали ҳам тирик (91 ёшда) ва у АҚШ президентларига суиқасд қилган одамлар ичида энг кўп умр кўргани ҳисобланади. Энг сўнгги хабарларга кўра у 2019 йилда шартли озодликка чиқиш қоидаларини бузганлик учун яна ҳибсга олинган.Жералд Рудолф Форднинг ҳаёти эса президентлик муддати тугагунча осойишта кечди, у кейинги сайловларда иштирок этишга ҳаракат қилди, аммо ўз ўрнини бўлажак президент Жимми Картерга бой берди. Бироқ, у барибир АҚШнинг қурол савдоси тарихида ўз изини қолдирган: масалан Калифорния штати аҳолиси ўшандан бери қурол сотиб олиш учун пул тўлагач, яна 15 кун кутишга мажбур - фақат шу муддат ўтгачгина қуролни олишлари мумкин. Форд 2006 йил 26 декабрда 93 ёшида атеросклероз касаллигидан вафот этди. У Қўшма Штатлар тарихидаги энг узоқ умр кўрган президент бўлиб тарихга кирди.
Қизиғи шундаки, ушбу воқеа президент Фордга нисбатан уюштирилган биринчи суиқасд эмасди. Унга қарши 1975 йилда машҳур Чарльз Менсон тўдасининг аъзоси, яна аёл киши, Линетт Фромм ҳам суиқасд уюштирган. Аммо бу энди умуман бошқа ҳикоя...
Нурбек Алимов тайёрлади.
Изоҳ (0)