Елизавета Батори – энг кўп қотиллик содир этган аёл сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилгани ҳаммада қизиқиш уйғотиши табиий. У амалга оширган қотилликларнинг аниқ сони йўқ, аммо ушбу рақам 600 нафардан зиёдлиги унинг устидан очилган суд давомида айтиб ўтилган эди. «Дарё» аёл Дракула номини олган венгриялик ушбу қироличанинг айбдор деб топилишигача бўлган жараёнлар ҳақида ҳикоя қилади.
Қироллик оиласининг фарзанди
Елизавета Батори 1560 йил 7 августда Венгриянинг Нйирбатор шаҳридаги оилавий қасрда туғилди. Унинг отаси Трансилвания губернатори Андрас Баторининг укаси, онаси эса Польша қироли – Стефан Баторининг синглиси эди. У ёшлигида тилларни ўрганишга қизиққани сабабли асосий вақтини лотин, немис ва грек тилларини ўрганишга сарфлади.XVI асрда олий табақали оилаларда туғилган қизлар никоҳ орқали сиёсий иттифоқ тузиш воситаси эди. Шунинг учун Елизавета 10 ёшида Барон Тамаш Надашдининг ўғли – Ференс Надашди билан унаштириб қўйилди. Унаштирувдан беш йил ўтгач, Елизавета 15 ёшга тўлганида тўй маросими бўлиб ўтди. Янги ҳаётнинг дастлабки йиллари одатдагидек давом этди. Ференс давлат ишлари билан шуғулланар, жанг қилар, Елизавета эса болаларни туғиб, мулкларни бошқарар эди. Шу билан бирга, у ўзининг гўзаллиги ҳақида қайғурарди. Ўз замонасининг энг гўзал аёллардан бири эканини ҳисобга олиб, Батори 6-фарзандининг туғилишидан сўнг унга боқувчи топган эди.
Гўзаллик эр томонидан ҳам бузилиши мумкин эди. Ференс ўта қўпол, ҳатто шафқатсиз одам бўлган. У энг кичик қонунбузарлик учун хизматкорларини шафқатсизларча калтаклар ва хотинини ҳам жазоларди. Ференс ҳаддан ташқари рашкчи ҳам эди. Афсонага кўра, бир вақтлар Ференс бир хизматкорни Елизаветага ҳаддан ташқари эътибор беришда гумон қилиб, хизматкорни итларга ем қилади.
Абадий гўзаллик рецепти
1601 йилда қироллик бўйлаб Елизавета Баторини ҳақида даҳшатли миш-мишлар тарқала бошлайди. Аммо бу орада Ференс жиддий касалликка чалиниб, вафот этди ва Елизавета ёлғиз қолди. Қотилликлар қандай ва нима сабабдан амалга оширилиши уларга номаълум эди. Елизаветанинг биринчи қотиллиги у 20 ёшлигида амалга оширилди.Елизаветанинг гўзаллик «рецепти» келиб чиқиши қуйидагича бўлган:
Тахминларга кўра, биринчи одамнинг ўлдирилиши тасодифан содир бўлди – хизматкордан ғазабланган графиня уни жуда қаттиқ урган ва хизматкорнинг ножўя йиқилиши ўлимга олиб келган. Хизматкорни урган Елизавета унинг бурнини синдирган, ундан оққан қон эса Елизаветанинг қўлига тушган. Графиня кейин эътибор берса, айнан қон томган жой юмшоқроқ ва оппоқ бўлиб қолган.
Гўзалликни сақлаб қолиш учун ҳар қандай ишга тайёр бўлган графиня учун бу айни муддао бўлди. Елизаветанинг фикрича, гўзал бўлиб қолиш учун қизларнинг қони керак бўлади ва у иложи борича ёш қизларники бўлиши керак.
Дастлаб, графиня бир нечта ёш хизматкорни ўлдирди ва уларнинг қонида баданини ювиб турди. Кейинчалик, бунга ҳам қониқмай қўйган Елизавета қонли ванна қабул қилишни бошлайди. Батори энг ишончли хизматкорига ёш қизларни «овлаб», қасрга олиб келишни буюрди. Графиниянинг ўзи ҳам таниқли оилалардан ёш қизларни меҳмонга чақиришни бошлади. Қасрдан фақатгина омадли қизларгина тирик қайтар эди...
Гўзаллик қурбонлик талаб қилади
«Қонли ванналар» ҳақида ҳеч қандай исбот йўқ эди. Буларнинг барини Елизавета худди профессионал қотил каби амалга оширарди. Қотилликка тасодифан гувоҳ бўлиб қолган маҳаллий аҳоли лютеранлик вазир Иштван Магярига бу ҳақда хабар беришди, у эса қиролликда қотиллик юзасида биринчи бўлиб гапиришни бошлади.Шикоятлар қиролгача етиб боришига қарамай, бунга жавобан ҳеч нарса қилинмади. Аммо 1610 йилга келиб қирғинлар ҳақидаги хабарлар сони қирол Матиас ИИнинг сабр косасини тўлдирди. Венгрия Палатинаси Дёрги Турзога «графиня Батори иши»ни тергов қилиш ҳақида буйруқ олди.
Палатин масалага яхшилаб ёндашди. Далилларни йиғиш учун иккита нотариус ёлланди ва 300 дан ортиқ гувоҳ билан суҳбат олиб борилди. 1610 йил охирига келиб, Турзо ихтиёрида шафқатсиз қотилликлар ҳақида етарли маълумотлар бор эди. Келажакдаги қурбонларни графиня олдига олиб келган ва кейин жасадларни утилизация қилган хизматкорлар орасидан чиққан айғоқчилар ҳам «бўлиниб кетди».
1610 йилнинг 29 декабрида Елизавета Батори ҳибсга олинди. Кейинги тергов жараёнида қурбонларнинг баъзи жасадлари ҳам топилди. Матиас II графинияни зудлик билан қатл қилишни хоҳлар эди, аммо Турзо уни бу шаштидан қайтарди, чунки Елизавета Батори, биринчи навбатда, жуда нуфузли оиланинг вакили, иккинчидан, мамлакатнинг энг бой аёлларидан бири эди. Аммо нима дейиш мумкин, қиролнинг ўзи Елизаветадан қарздор эди.
Дёрги Турзо Елизаветанинг тақдирини катта фарзандлари ва куёвлари билан биргаликда муҳокама қилди. Улар Баторини монастирга юбориш билан чекланмоқчи эди, лекин дворянлар қизларининг ўлдирилиши уларни қаттиқроқ чоралар кўришга мажбур қилди.
Суд жараёни 1611 йил январь ойида бошланди. Кўпгина қотилликларни исботлашнинг иложи йўқ эди. Расмий равишда Елизавета Батори ва унинг ёрдамчилари 80 кишини ўлдирганликда айбланди. Шу билан бирга, гувоҳлар графиня жами 600 га яқин одамни ўлдирганини таъкидлади.
Елизавета Баторининг ўзи ўз қалъасида якка тартибдаги умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Графинянинг хонаси девор билан ўралган, дераза ва эшиклар тўсиб қўйилган ва унда фақатгина шамоллатиш ва озиқ-овқат таъминоти учун кичик тешиклар қолган эди. Жазони уч йил ўтагандан сўнг графиния оламдан ўтди.
Ҳозирга келиб, Елизавета Батори замонавий Венгриянинг фолклёри ва эртакларига айланган ҳамда ушбу воқеага атаб кинолар ҳам суратга олинган.
Миржалол Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)