Ўзбекистон шу вақтгача лифтни четдан импорт қилган, энди мамлакатнинг ўзида ҳам шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлашнинг вақти келди. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Яшнобод туманидаги «Технопарк»га ташриф буюрган вақтида айтиб ўтган.
10 йил олдин бу ерда фаолият юритган Тошкент авиация заводида 3 минг одам ишлаган, унинг ялпи ишлаб чиқариш миқдори 82 миллиард сўмни ташкил этган. Ҳозир эса бу ерда 2020 йил якунига қадар 6 мингга яқин ишчи кучини жалб қилиш, ялпи ишлаб чиқариш миқдорини эса камида 500 миллион долларга етказиш кўзда тутилган. Келгуси йил бу миқдор 700-800 миллион долларга тенг бўлиши режалаштириляпти. «Бир йил олдин бу ҳудуд бўм-бўш, ҳеч ким ишламайдиган қаровсиз жой эди», – дея Президентнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда «Ўзбекистон 24» телеканали.
Шавкат Мирзиёев умумий қиймати 12,2 миллион долларга тенг бўлган эскалатор ва лифт ишлаб чиқариш корхонаси фаолияти билан танишган. Президент матбуот хизматининг қайд этишича, ҳозирда лифт корхонасида маҳсулотларнинг локализация даражаси 32 фоизни ташкил этмоқда.
«Юртимизда замонавий лифтларни эксплуатация қилиш бўйича мутахассислар тайёрлаш керак. Сабаби бу соҳа вакилларига эҳтиёж катта. Ҳозирда юртимиздаги тўққиз қаватли уйларнинг 10 тасидан саккизтасида лифт муаммоси бор. Одамлар бундан норози. Дунёда интеллект ривожланаётган бир пайтда аҳолида ҳам лифтдан фойдаланиш маданиятини ривожлантиришимиз лозим. Шу пайтгача лифтни четдан импорт қилдик, буёғига ўзимизда шу соҳа бўйича мутахассислар тайёрлашнинг вақти келди, пойтахтдаги коллежларнинг бирини шу соҳага йўналтириш, технопарк билан ҳамкорликда иш олиб боришини йўлга қўйиш албатта ижобий самара беради», — деди Шавкат Мирзиёев.
Президент корхона ҳудудида жойлашган, келгусида лифт ва эскалаторлар синовдан ўтказишга мўлжалланган, баландлиги 60 метрга тенг минорани ҳам кўздан кечирган.
Изоҳ (0)