Наманганлик мактаб ўқувчиси Буюк Британия қироличаси Елизавета II дан мактуб олди. Бу ҳақда «Дарё» мухбири Азизбек Абдувалиев хабар бермоқда.

Фото: Наманган вилоят халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати

Азизбек Мирзаханов Наманган шаҳридаги 33-умумтаълим мактабида таҳсил олади. Инглиз тили ва Буюк Британия тарихидан ташқари, машҳурларнинг дастхатини тўплашга ҳам қизиқади.

Фото: Зоҳиджон Мамасолиев

«Қиролича ҳар куни дунёнинг турли давлатларидан юбориладиган ўнлаб мактубларни эринмай ўқиб чиқиши ҳақида ўқигандим. Шундан кейин менда ҳам у кишига хат юбориш иштиёқи туғилди. Мактубимда Ўзбекистон, жумладан, ўзим туғилиб-ўсган Наманган шаҳри ҳақида ҳикоя қилдим, инглиз тилига қизиқишимни билдирдим, фотолар юбордим. Орадан уч-тўрт ой ўтиб Виндзор қалъасидан жавоб хати келди», — дейди Азизбек.

Жавоб хатида мактуб учун миннатдорлик билдирилган ва дастхат бериш мавжуд қоидаларга тўғри келмаслиги сабабли қиролича ва унинг турмуш ўртоғи фотоси юборилган.

Фото: Зоҳиджон Мамасолиев

Азизбекнинг айтишича, у келгусида Буюк Британияда ўқишни ният қилган. Хоббисини ҳам ташлаб қўйгани йўқ: Россия президенти Владимир Путин ва Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга ҳам дастхат сўраб мактуб йўллаган, ҳозирда уларнинг жавобини кутмоқда.