Самарқандлик эркак савдо марказларининг бирида рашк сабаб хотини ва унинг жазмани дея тахмин қилинган шахсни пичоқлаб қўйгани ҳақида хабар берилганди.

Маълум қилинишича, кўнгилсиз ҳодиса 20 ноябрь куни соат тахминан 18:00 ларда Мирзо Улуғбек кўчасида жойлашган савдо марказида содир бўлган. 42 ёшли пастдарғомлик эркак дўконда турмуш ўртоғи ва унинг ўйнаши дея тахмин қилинган шахсга дуч келган ва одамлар орасида уларга пичоқ билан ташланган. Таъкидланишича, жабрланувчилар қон кетиши оқибатида воқеа жойида вафот этган.

Айбланувчи тариқасида терговга жалб қилинган эркак воқеа қандай бўлганини сўзлаб берди.

«Июль ойларида уни ўзгариб қолганини сездим. Тўғри юргин, болаларимиз катта бўляпти, қизимиз вояга етяпти, дедим. У ҳеч қанақа нотўғри юрганим йўқ, деди. У савдогарлик қиларди, ўзи пул топарди, бир куни ўзимиздаги бир бола билан Instagram’да гаплашаяпти. Унга гапирдим. Онасига мурожаат қилдим. Кейин яна уч марта телефонда гаплашаётганида ушлаб олдим. Жанжал, келишмовчилик бошланди.

Савдо мажмуасига келгандан кейин уларни 5 дақиқа қидирдим. Қарасам, Samsung дўконида қўл ушлашиб, кўнгилхушлик қилиб, телефон кўриб юрган экан. Кейин рашк устида қандай уларни олдига кириб борганимни билмайман. Ташқарига чиқдим, қарасам қўлларим қон. Уларни пичоқлаб қўйганимни сездим. Ўлдириб қўйганимни билмадим. Қилган ишимдан пушаймонман. Ўшанда рашк устида ўзимни босолмай қолдим. Аслида милиция ходимларига буларни топшириб юборишим керак экан».

Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳолатни видеотасвирга тушириб тарқатган 3 нафар самарқандлик йигит ҳам қамоққа олинган.