Озарбайжон президенти Илҳом Алиев унинг мамлакати Тоғли Қорабоғдаги урушда ғалаба қозонганини маълум қилди. Илҳом Алиев бу ҳақда даволанаётган ҳарбийлар билан учрашув чоғида маълум қилди, деб ёзмоқда «РБК».
«Ватан уруши тугади. Озарбайжон бу урушда ёрқин ғалабага эришди, бизнинг ерларимиз босқиндан озод қилинди, босқинчилар бизнинг еримиздан ҳайдалди», — дея сўз бошлаган Алиев.
«Иккинчи Қорабоғ уруши тарихда Озарбайжоннинг шарафи билан қолади», — дея таъкидлаган президент. Унинг маълум қилишича, Пашиняннинг жангларни тўхтатиш ҳақидаги келишувни имзолашига камералар олдида эришган. Алиев бу келишув имзоланишини Иккинчи жаҳон урушида фашистлар ва уларнинг иттифоқчилари капитуляцияси ҳақидаги келишувнинг имзоланиши билан таққослаган.
Унинг таъкидлашича, Қорабоғдаги жанглар шиддатли бўлди, чунки Арманистон ушбу ҳудудни назорат қилган йилларда бу ерда жиддий истеҳкомлар қурилган. Шу билан бирга, Алиевнинг таъкидлашича, 30 йил ичида деярли барча фуқаролик иншоотлари бузилган. «Озод қилинган ерларнинг манзараси бу душман Озарбайжон халқига нисбатан нафрат билан яшаганлигини кўрсатди, акс ҳолда нима учун барча биноларни бузиш керак? Озод қилинган ҳудудларимизнинг деярли 99 фоизи вайрон қилинган — уйлар, мактаблар, касалхоналар, жамоат бинолари, тарихий ёдгорликлар, аждодларимиз қабрлари, масжидлар. Энди биз ушбу расмларни эълон қиламиз, уни матбуотда ҳар ким кўриши мумкин. Бу ваҳшийлик, бузғунчилик, бу ҳарбий жиноят», — деди Озарбайжон президенти.
Алиевнинг айтишича, энди Озарбайжон Ереван ва Тоғли Қорабоғ кучлари назорати остида бўлган даврда ушбу ҳудудларга етказилган моддий зарар учун Арманистондан товон пули талаб қилади. «Халқаро экспертлар таклиф қилинади. Халқаро экспертлар иштирокида барча вайроналардан моддий ва маънавий зарар ҳисоблаб чиқилади ва биз, одамлар, якка тартибда ва уюшган ҳолда душманни халқаро судларга жалб қиламиз, у товон пули тўлайди, жавоб беради ва ўзининг хунук ишларига муносабат билдиради", — дея қўшимча қилган президент.
Аввалроқ Арманистон бош вазири Никол Пашинян келишув имзоланганини эълон қилиб, унинг натижаларини бошқача таърифлаган эди. «Бу ғалаба эмас, лекин ютқазганингизни тан олмагунингизча мағлубият бўлмайди. Биз ҳеч қачон ўзимизни мағлуб деб билмаймиз ва бу бизнинг миллий бирлик ва тикланиш давримизнинг бошланиши бўлиши керак», — деди у халққа мурожаат қилиб. Пашинян Ереванда тинчлик келишувини тузишдан бошқа иложи йўқлигини таъкидлади.
9 ноябрь куни кечқурун Арманистон, Озарбайжон ва Россия раҳбарлари тинчлик битимини имзолагани маълум бўлди. Унга мувофиқ, Арманистон Тоғли Қорабоғ ҳудудларининг катта қисмини ва 1990 йилдан бери Ереван тасарруфида қолган ҳудудларни Озарбайжонга топширади. Арманистон Қуролли кучлари ўз позицияларидан олиб чиқилмоқда, минтақага 2 мингта рус тинчликпарвари техника билан олиб келинмоқда. Арманистонга Қорабоғга транспорт йўлаги яратилиши кафолатланади, шу билан бир вақтда Озарбайжондан Нахичеван эксклавигача транспорт йўлаги яратилади.
Кремль президент Алиевнинг ушбу келишув Арманистоннинг «таслим бўлиши» ҳақидаги илгари айтилган сўзларига қўшилмади. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу ҳужжат қон тўкилишига чек қўйиб, «икки халқнинг, Арманистон ва Озарбайжоннинг ғалабаси» бўлганини айтди.