Ижтимоий тармоқларда 29 октябрь куни ўзини атеист деб таништириб, Қуръон китобининг варақларини йиртиб, уни оёқлари билан босган ҳолда унга нисбатан ҳурматсизлик қилган эркакнинг видеоси тарқалди ҳамда кескин баҳс-мунозара ва норозиликларга сабаб бўлди. Ички ишлар вазирлиги мазкур видеодаги ҳолат бўйича маълумот берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан олиб борилган суриштирувлар давомида мазкур шахс Мингбулоқ туманидан бўлган Шерзод Турдиев эмаслиги аниқланди.

Ўтказилган текширув ҳаракатлари натижасида ушбу видеотасвирни суратга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган шахс аниқланиб, терговга қадар текширув ҳаракатларига жалб қилинди.

Текширув натижасига кўра, мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 156-моддаси 2-қисми (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши бўйича тергов натижасига кўра, қўшимча маълумот бериб борилади.

«Шу ўринда фуқароларимиздан юртимизда диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувлик каби азалий анъаналаримизга кундалик ҳаётимизда амал қилишларини ҳамда муқаддас динимизни оёқости қилиб, аҳоли орасида ихтилофлар келтириб чиқаришга бўлган уринишлар учун қонунда жавобгарлик белгиланганлигини эслатиб ўтамиз», — дейилади ИИВ ахборот хизмати хабарида.

Аввалроқ Ички ишлар вазирлиги ижтимоий тармоқларда радикал, диний экстремистик ва ислом динига ёт ғояларни тарқатмасликка чақирганди ва бундай маълумотларни тарқатиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишидан огоҳлантирганди.