АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирус инфекциясидан дексаметазон стероид препаратини қўллаган ҳолда даволанмоқда. Бу ҳақда Associated Press шифокорларга таяниб хабар қилган, деб ёзади Meduza.

Фото: Getty Images

Шифокорлар стероидни 3 октябрь куни ремдесивир препаратининг иккинчи дозаси билан бирга қўллашни бошлаган, Трампда иккиламчи таъсирлар аниқланмаган.

Америка президентини даволовчи шифокор Шон Конлининг маълум қилишича, Трампнинг организмида кислород даражаси 93 фоизгача тушиб кетганидан сўнг дексаметазон қўлланилган.

CNBC телеканали қайд этишича, дексаметазон коронавирусга чалинган оғир беморларни даволашда ўз самарадорлигини кўрсатган, аммо оғирлик даражаси камроқ бўлган ҳолатларда зарарли бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Дональд Трамп ва унинг рафиқаси Меланияда 2 октябрь куни коронавирусга топширган тест жавоби ижобий чиққан. Ҳозирда у Уолтер Рид номидаги миллий ҳарбий тиббиёт марказида даволанмоқда.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп ўз тарафдорлари билан учрашиш учун бироз вақтга шифохонани тарк этгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, АҚШ президенти Дональд Трамп коронавирусга топширган биринчи тестининг жавоби ижобий чиққанини яширгани маълум бўлди.