Жорий йил 1 октябрдан «Ўқитувчи ва мураббийлар куни» муносабати билан юртимиз кинотеатрларида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан «Киномания» студияси томонидан суратга олинган «Ибрат» бадиий фильмининг премьераси бўлиб ўтади. Фильм шоир, таржимон, тарихчи ва тилшунос олим, жадидчи Исхоқхон Ибрат ҳақида бўлиб, унда олимнинг машаққатга бой ҳаёт йўли тасвирланган.

Фильмнинг катта премьераси 1 октябрь куни қайта таъмирдан чиққан Алишер Навоий номидаги киносаройида бўлиб ўтиши режалаштирилган.

«Ибрат» фильмида профессионал актёрлар ансамблини ўзига хос ролларда кўриш мумкин. Ибрат Искандариядаги саёҳатида икки ватандошига ёрдам беради. Улардан бири ҳатто ўз юртини ташлаб, Ибратнинг хизматига чоғланади. Бу рол Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, марҳум санъаткор Абдурайим Абдуваҳобовнинг ҳаётлик чоғидаги сўнгги ижроси бўлиб қолди. Шу билан бирга, марҳум санъаткор, профессионал дубляж актёри Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ғайбулла Ҳожиевнинг ҳам сўнгги ролини кўришимиз мумкин.

Фильм режиссёри Жаҳонгир Қосимов, сценарий муаллифлари Нурилло Аббосхон ва Абдуқаюм Йўлдошев, постановкачи оператор Рустам Муродов, постановкачи рассом Дониёр Абдураҳмонов, композитор Дмитрий Янов-Яновский. Фильмда ролларни Фарҳод Маҳмудов, Саидкомил Умаров, Карим Мирҳодиев, Акбархўжа Расулов, Шаҳзода Матчонова, Зулхумор Мўминова ва бошқалар ижро этишган.

Реклама ҳуқуқи асосида.