Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида Isuzu русумли автобус ҳайдовчиси велосипедда кетаётган 18 ва 19 ёшли фуқароларни уриб юборди. Натижада 18 ёшли йигит воқеа жойида вафот этди.

Марҳумнинг яқин қариндошлари

Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолат бўйича «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев марҳумнинг ота-онаси ва яқинлари билан суҳбатда бўлди.

Бекзод Асамов

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 26 июнь куни кеч соат тахминан 21:15 да Иштихон туманининг «Шайхлар» маҳалласидан туман марказига элтувчи йўлда Б.М. исмли шахс бошқарувидаги Isuzu автобуси велосипедда кетаётган 18 ёшли Лочинбек Элмуродов ва 19 ёшли Бекзод Асамовни уриб юборган. Натижада Лочинбек Элмуродов олган тан жароҳатлари сабаб воқеа жойида вафот этган. Воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам шифокори ЙТҲ қурбони ўз фарзанди эканлигини кўрган.

«18 йил фарзандини катта қилиб, мана шундай фожиа сабаб умри хазон бўлганини кўриш — ҳар қандай ота-она учун азоб. Боламнинг орзулари кўп эди: ўқишга киришни ният қилиб юрганди. Афсуски, мудҳиш воқеа сабаб у бу ёруғ оламни эрта тарк этди, — дейди марҳумнинг отаси Олим Улуғмуродов. — Бўлган воқеани тақдир дейишимиз мумкин, аммо ҳайдовчи ўзини оқлаш учун турли баҳоналар қилмоқда. Гўё ҳаммасига фарзандим айбдордек. Аммо ўша куни ўғлим билан унинг ўртоғи ҳам бўлган. У ҳамма воқеаларни кўрган. Лекин ҳамма ишлар ҳайдовчини оқлашга қаратиляпти».

Воқеа жойи

Фото: «Дарё»

Олим Улуғмуродовнинг таъкидлашича, автоҳалокат содир бўлган куни ҳайдовчи Б.М. маст бўлган. Суриштирув давомида берилган кўрсатмалар ҳам турли хил бўлган.

Воқеа содир бўлган куни марҳум билан биргаликда дўконга борган, воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган Бекзод Асамов билан ҳам суҳбатлашдик. У ҳолат қаерда ва қандай содир бўлганлигини айтиб берди.

Фото: «Дарё»

«Соат тахминан 20:30 да дўкондан совға олиш учун велосипедда йўлга чиқдик. Иккимиз велосипедни алмашиб ҳайдаб кетаётган эдик. Ярим йўлга келганда чарчаганимиз учун алмашиб олмоқчи эдик. Автобус келаётганини кўриб йўлнинг чеккасида тўхтадик. Энди велосипедни ҳайдаб кетмоқчи бўлиб турганимизда автобус орқамиздан келиб урди. Биз йўлнинг четида тўхтаб тургандик, — дейди Бекзод Асамов. — Автоҳалокатдан кейинги воқеаларни эслай олмайман. Ҳушимга келганимда шифохонада эканлигимни билдим. Дўстим оламдан ўтганини эшитдим».

Бекзод Асамов автоҳалокат соат тахминан 21:15 атрофида содир бўлганлигини маълум қилди. Сабаби соат 21:05 атрофида уларга қўнғироқ бўлган. Шундан сўнг 10 дақиқа ўтиб, уларни автобус уриб кетган.

«Ёз фаслида кун узун бўлади. Воқеа шом пайти бўлганди. Аммо ҳайдовчи автоҳалокат қоронғида бўлганлигини айтмоқда», — дейди Бекзод Асамов.

Шаҳзод Улуғмуродов

Фото: «Дарё»

Марҳум Лочинбек Элмуродовнинг акаси Шаҳзод Улуғмуродовнинг айтишича, у келганида Бекзод Асамов автобусда бўлган.

«Отам тез ёрдамда ишлайди. Воқеа содир бўлганидан сўнг тез ёрдамга хабар берилганида чақириққа отам келган. Келиб кўрса, ўзининг ўғли шу аҳволда ётибди. Улар укамга биринчи ёрдам бердик, деб айтяпти. Аммо тез ёрдам келганида уларнинг ўзлари бўлмаган, — дейди Шаҳзод Улуғмуродов. — Отам ҳаяжонланганиданми ёки ўша кунги воқеани эслагиси келмагани учунми, буларни сизга айтиб бериш ёдидан кўтарилди».

Фото: «Дарё»

Шаҳзод Улуғмуродовнинг таъкидлашича, воқеани 1989 йилда туғилган қишлоқдоши ҳам кўрган. У ЙТҲга учраганлар қишлоқдошлари эканлигини кўриб, тез ёрдам ва ИИБга қўнғироқ қилган. Ўша пайтда Лочинбек Элмуродов ва Бекзод Асамов тут дарахтининг тагида ётган. Бекзод Асамов эса «Лочин қани?» деб инграётган бўлган.

«Ҳайдовчи ўзи ёрдам қилганини айтяпти. Аслида тез ёрдамга ҳам қишлоқдошим қўнғироқ қилган. Ахир тез ёрдамдан отам келган-ку? Укамни ўзим машинага миндирдим. Ётган вақти кўзи қимирлагандай бўлди. Борганимизда жони узилиб бўлган экан. Шунчалик қаттиқ урилганки, нарсалари сочилиб кетган. Оддийгина урганида чўнтакдаги нарсалари чиқиб кетмас эди», — дейди марҳумнинг акаси Шаҳзод Улуғмуродов.

Фото: «Дарё»

Журналистик суриштирув давомида маълум бўлишича, Иштихон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан ҳайдовчи Б.М.га нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, Б.М.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Муаллиф:Фарҳод Норбўтаев