Суриштирув журналистикаси билан шуғулланувчи мутахассислар халқаро консорсиуми ICIJ va BuzzFeed News Financial Crimes Enforcement Network ёки FinCEN АҚШ тармоғига киришга муваффақ бўлди. Тармоқ АҚШ молия вазирлигининг бюросига тегишли ва у ерда пул ювиш, террорчиликни молиялаштириш ва молиявий-иқтисодий жиноятларга оид ахборотлар тўпланган. Бу ҳақда «Gazeta.uz» хабар қилди.

Деярли 90 та мамлакатнинг журналистлари АҚШдаги молиявий жиноятларга оид махфий ҳужжатлар тармоғини (FinCEN ) очиб, у ердаги маълумотларни ўрганди. Хориж оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ҳужжатларда Ўзбекистон миллий банки, шунингдек, ўзбекистонлик таниқли тадбиркор Алишер Усмонов компаниясига тааллуқли шубҳали ўтказмалар мавжуд.

Қайд этилишича, ушбу тармоққа кириб, у ердаги маълумотларнинг олиниши АҚШ тарихидаги энг катта «сиздирги» бўлиши мумкин ва мамлакатдаги молиявий тизим орқали амалга оширилган шубҳали транзакцияларнинг умумий қиймати 2 триллион доллардан ҳам ошади. 2017 йилда BuzzFeed News нашри журналистлари FinCEN’нинг 2100 дан зиёд махфий файлларига киришга муваффақ бўлган, кейинчалик журналистларнинг «Кассандра» суриштирув лойиҳаси ушбу жараёнга аралашганди, лойиҳада 88 та давлатдан 110 та медиа нашр, жумладан, ISIJ ва OCCRP вакиллари ҳам қўшилган.

«Gazeta.uz» ICIJ маълумотларини таҳлил қилиб, уларда Ўзбекистон ташқи иқтисодиёт миллий банки билан боғлиқ транзакциялар ҳам қайд этилганини аниқлаган. Умумий қиймати 8,7 миллион долларни ташкил қилувчи 16 та транзакция НБУ ҳисобига келиб тушган (3,6 миллион доллар) ёки банк орқали жўнатилган (5,1 миллион доллар) ва FinCEN’нинг шубҳали операциялар рўйхатига киритилган.

Ўтказмалар битта АҚШ банки The Bank of New York Mellon орқали амалга оширилган ва FinCEN ҳисоботларига кўра, мазкур молия муассасасининг ҳаракатлари шубҳали бўлиши мумкин.

2016 йил 13 январдан 21 январгача бўлган ҳисоботларга кўра, НБУга Латвиянинг Baltikums Bank’идан 920 минг АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказилган (Латвиянинг ушбу банко 2017 йилда BlueOrange Bank’га айланган ва BBG holding компаниясига қарашли). Шунингдек, НБУ 14–19 январь оралиғида мазкур Латвия банкига тўртта транзакция билан 2,8 миллион доллар ўтказган, 15– 27 январда Baltikums Bank Ўзбекистон банкига 2,77 миллион долларини олтита транзакция билан ўтказган.

Фото: «Gazeta.uz»

ICIJ маълумотлари бўйича 5–6 апрель кунлари НБУ иккита транзакция билан бошқа бир Латвия банки Norvik Banka’га (PNB Banka) 1 миллион доллардан кўпроқ, 19 апрелда эса 1,2 миллион доллар ўтказган.

Фото: «Gazeta.uz»

Фото: «Gazeta.uz»

Шунингдек, ICIJ ҳужжатларида Қозоғистонда 131,9 миллион долларлик 202 та шубҳали транзакция, Корея Республикасида 10,7 миллион долларлик 39 та транзакция, Озарбайжонда 67,2 миллион долларлик 50 та транзакция, Беларусда 11 та транзакция (42,1 миллион доллар) ва Туркманистонда 49 та транзакция (6,8 миллион доллари) шубҳали ҳаракат сифатида қайд этилган.

Журналистлар таҳлил қилган ҳужжатларда Россия фуқаролари билан, жумладан, «Северсталь» компанияси эгалари гуруҳига кирувчи Алексей Мордашов, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов, Россия президентининг собиқ маслаҳатчиси Валентин Юмашев ва МТС компаниясининг ўтказмалари ҳам шубҳали экани баён қилинган.

Хусусан, «Важние Истории» нашри ҳужжатларга асосланиб, россиялик тадбиркорлар Владимир Путинга яқин бўлган кишиларнинг ҳисоб рақамларига миллионлар тушириб берганлигини тахмин қилган.

Нашр FinCEN сиздиргисида 2006–2008 йиллардаги 6 миллион долларлик ўтказма Путиннинг собиқ масалаҳатчиси Валентин Юмашев ҳисобига Британиянинг Виргиния оролларидаги Epion Holdings Limited компаниясидан келиб тушганини аниқлаган.

Муаллифларнинг қайд этишича, фирма Алишер Усмоновга қарашли. Ҳисоботлар бўйича, пуллар хизматлар учун келишув асосида икки йил давомида ҳисоб рақамига тушириб берилган.