Туриннинг «Ювентус» клуби келаси ҳафтада Сами Хедира билан шартномасини бекор қилади. Бу ҳақда италиялик таниқли журналист Фабрицио Романо хабар берди.

Фото: «Ювентус»

Сўнгги маълумотларга кўра, томонлар шартномани бекор қилиш борасида музокара олиб бормоқда. Бир муддат олдинроқ Хедира шартнома бекор қилиниши учун 3 миллион еврога эга бўлишни хоҳлаётгани айтилганди. Самининг «Юве» билан шартномаси 2021 йил ёзида якунига етади. У ҳозирда йилига 6 миллион евро маош олади.

Шунингдек, «Ювентус» айни дамда жамоа вингери Дуглас Костани сотиб юбориш борасида ўйламоқда. Аввалроқ бразилиялик футболчига «Барселона» ва «Вулверҳэмптон»дан қизиқиш борлиги айтилганди. Бироқ иккала клубдан ҳам туринликларга расмий таклиф келиб тушмаган.

Маълумот учун, Хедира 2015 йилда «Реал»дан «Ювентус»га ўтганди. Дуглас Коста эса 2017 йилдан бери Турин клуби шарафини ҳимоя қилиб келади. Унинг аввалги жамоаси «Бавария» эди.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!