Бош оғриши кайфиятга таъсир қилади, киши ўзини қўярга жой тополмайди ва тезроқ оғриқдан қутилишни истайди. Кўп ҳолларда асабийлашиш, қон-томирлардаги муаммо ва магний етишмаслиги бошнинг оғришига сабаб бўлади.

Фото: Tasting Table

Қаҳва ва қора чой

Мазкур иссиқ ичимликларни таъсирини бош оғриғини қолдирадиган таблеткалар билан таққослаш мумкин. Қора чой ва қаҳва таркибидаги танин ҳамда кофеин қон айланишини яхшилайди. Аммо қаҳва ичмасдан туролмайдиганларга бундай таъсир бўлмаслиги ҳам мумкин.

Занжабил

Занжабил нафақат шамоллаганда, балки бош оғриганда ҳам самара беради. У яллиғланиш, оғриқ ва шишларни келтириб чиқарадиган ёғли кислоталар — простагландинлар ишлаб чиқарилишига таъсир ўтказади. Шунингдек, миядаги қон-томирларни кенгайтириб, бош оғришини олдини олади.

Исмалоқ

Тадқиқотларда аниқланишича, кўп ҳолларда магний миқдори етишмаган инсонлар мигрендан азият чекади. Исмалоқ эса магнийга бой маҳсулот ва у бош оғриғи камайишига сабабчи бўлади.

Картошка

Организмда натрийнинг кўпайиб кетиши нафақат мигрен, балки қон босими кўтарилиши ҳамда юрак қон-томир касалликларига ҳам сабаб бўлади. Картошка калийнинг манбайи ва у калий ҳамда натрийнинг мувозанатда бўлишига ёрдам беради.

Олча

Ушбу мева таркибида азот оксидига айланадиган брикмалар мавжудлиги сабаб ҳам унинг истеъмолидан кейин қон-томирлар бўшашади ва қон босими пасаяди. Қолаверса, олчадаги антоциан бўёғи оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга. Олчанинг ранги қанчалик тўқ ва мазаси қанча нордон бўлса, таъсири шунча яхши бўлади.

Саримсоқ пиёз

Саримсоқ чарчоқдан халос этади, ҳазм жараёнини яхшилайди, холестеринни камайтириб, қон айланишига таъсир қилади. Мигрен безовта қиладиган кишиларга саримсоқ қўшилган салат ёки таом истеъмол қилиш тавсия қилинади.

Грек ёнғоғи

Грек ёнғоғи оғриқ қолдирувчи хусусиятга эга бўлган «бахт гормони» сератониннинг кони ҳисобланади. Шунингдек, яллиғланиш ҳамда стресс гормонига қарши таъсир кўрсатувчи магнийга ҳам бой саналади.

Балиқ

Исталган балиқ маҳсулотлари таркибидаги B2, B6 ва B12 витаминлари сабаб бош оғриғини қолдириш хусусиятига эга бўлади. Лососдаги омега-3 ёғ кислотаси, қон-томирларни «ёмон холестерин»лардан тозалайди ҳамда қон босимини меъёрда бўлишига таъсир қилади.