Тошкент шаҳар Сергели туманида бир эркакни шахсий видеоларини тарқатиш билан қўрқитиб ундан пул сўраган аёл ушланди, дея хабар бермоқда шаҳар ИИБ.

Маълум қилинишича, Сергели тумани ички ишлар органларига 31 ёшли С.А. мурожаат қилиб, ундан товламачилик йўли билан 300 000 сўм олмоқчи бўлган 36 ёшли Э.Г.га нисбатан чора кўришни сўраган.

Аёл С.А га тегишли бўлган шахсий характерга эга видеони тарқатиш билан қўрқитган. 14 сентябрь куни соат 17:30 да Э.Г. пул олиш вақтида жиноят қидирув ходимлари томонидан қўлга олинган.

Мазкур факт асосида Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик) бўйича жиноий иш қўзғатилди.

Аввалроқ Бухорода аёл танишининг шахсий фотосуратларини тарқатиш билан қўрқитиб, ундан 1000 доллар талаб қилган шахс, Самарқандда 43 ёшли танишининг суратларини интернетга тарқатиш билан қўрқитиб, 2200 доллар талаб қилган аёл, Хоразмда 22 ёшли аёлнинг сурат ва видеоларини интернетга тарқатмаслик учун қарийб 16 миллион сўм талаб қилган шахс қўлга олингани хабар қилинганди.