Twitter’даги Lovetodream никли инсайдер Apple’нинг янги смартфонлар линейкасига оид маълумотлар билан бўлишди. Компания ўз тарихи давомида биринчи бор «мини» номи остидаги моделини тақдим этади.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Барча линейка қуйидаги кўринишга эга:

  • iPhone 12 Мini;
  • iPhone 12;
  • iPhone 12 Pro;
  • iPhone 12 Pro Мах.

iPhone 12 Мini номи остидаги моделга 5,4 дюймли экран ўрнатилиши кутилмоқда — у янги iPhone SЕ (2020)дан бироз каттароқ, ҳошиялари эса ингичка бўлади. iPhone 12’нинг базавий моделига 6,1 дюймли экран ўрнатилади — iPhone 12 Pro ҳам худди шу диагоналли, бироқ яхшиланган версияга эга бўлади.

Миш-мишларга кўра, iPhone 12 Pro Мах компания тарихидаги энг катта iPhone’га айланади — унга 6,7 дюймли экран ўрнатилади. Шу билан бирга, янги линейкадаги барча тўртта модель OLED дисплейга эга бўлади — бу ҳам биринчи маротаба. Ўтган йили фақат iPhone 11 Pro ва 11 Pro Мах’га шу каби дисплейлар ўрнатилганди, iPhone 11 эса IPS экранга эга бўлган.

Аввалроқ Apple расман 2020 йилги янги iPhone’лар савдоси ҳар доимгидан кечроқ бошланиши ва линейкадаги барча смартфонлар нархи тўғрисида маълумот берилганди.