Ўзбекистонда 2020 йил 3 сентябрь соат 17:00 ҳолатига кўра яна 53 нафар кишида коронавирус инфекцияси аниқланди ва касалланганларнинг умумий сони 42 688 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берган.

Янги касалланиш ҳолатларининг

  • 47 таси Тошкент вилоятида;
  • 6 таси Андижон вилоятида тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида, шунингдек, коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна топширган фуқаролар орасида аниқланган.

ССВ хабарида коронавирусга чалинган икки нафар беморнинг вафот этгани баён қилинган. Тошкент вилояти Чиноз туманида яшаган 71 ёшли О.А. исмли аёл ҳамда Олмазор туманида яшаган 46 ёшли Н.М. исмли аёл COVID-19 коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида ҳаётдан кўз юмган.

Вазирлик ахборотида касалликдан тузалганлар бўйича ҳам маълумот берилган. Тошкент шаҳрида 115 нафар, Тошкент вилоятида 51 нафар, Сирдарё вилоятида 17 нафар, Андижон вилоятида 7 нафар, Наманган вилоятида 6 нафар ҳамда Қашқадарё вилоятида 2 нафар бемор жами 198 нафар киши инфекциядан фориғ бўлган.

Ўзбекистонда коронавирусдан соғайганлар сони 40 081 нафарни (93 фоиз) ташкил қилмоқда. Вазирлик ахборот хизмати 2274 нафар беморга шифокорлар томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилаётгани маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 1 сентябрь соат 23:30 дан 2 сентябрь соат 23:30 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 304 та ҳолат қайд этилган. Бу 3 июлдан бери энг паст кўрсаткич ҳисобланади.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 329 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 340 нафарни ташкил этмоқда.