Ўзбекистонда ОТМларга кириш имтиҳонлари икки сменада республика бўйича танлаб олинган 155 та стадионларнинг 40 тасида ўтказилади. Бу ҳақда АОКА залида мутасаддилар иштирокида ташкил этилган матбуот анжуманида Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев айтиб ўтган.

155 та стадионни танлаб олиш жараёнида абитуриентларга қулай шароит яратиш нуқтаи назаридан кун чиқиши ва ботиши, умумий стадионнинг соялик даражаси неча соатга мўлжалланганига эътибор қаратилади. Маҳаллий ҳокимият органлари билан биргаликда соябонлар қўйилади, ота-оналар учун кутиш жойлари, шифокорларга шароит яратиш каби ташкилий масалалар кўриб чиқилади.

Йиллар давомида спорт иншоотларимиз ва очиқ стадионларимизга етарлича эътибор қаратилмаган. Аммо Президентнинг жисмоний тарбия ва спорт соҳасини ривожлантиришга, унинг моддий-техник базасини такомиллаштиришга қаратилган қатор қарорлари қабул қилинган. Шу кунгача ҳар йили 60-70 та спорт иншоотини қурамиз, реконструкция ва капитал таъмирлаш ишларига алоҳида эътибор қаратилган. Айтиб ўтаётган стадионларимизда 3 йил давомида таъмирлаш ишлари олиб борилган. У ерда озми-кўпми камчиликлари бўлади, очиқ тан олишимиз керак.

Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев 

Тест синовларини шаффоф ҳолда ўтказиш учун ёшларни ортиқча сарсон қилмаслик мақсадида Таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси, ҳокимликлар, Ички ишлар вазирлиги, Миллий гвардия, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Давлат хавфсизлиги хизмати томонидан зарур чоралар кўрилади.

Шунингдек, Давлат тест маркази директори ўринбосари Сардор Ражабов стадионларга кириш қисмида шахсни аниқловчи камералар, ҳар бир гуруҳга алоҳида камералар ўрнатиш борасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан музокаралар олиб борилаётганини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввал Давлат тест маркази Ўзбекистонда пандемия шароити мураккаб кечаётганлиги, карантин чекловлари бекор қилинмаётганлиги ёки юмшатилмаганлиги боис олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларини ўтказиш муддатлари тест топширувчилар саломатлигига зарар етмайдиган вазият келгунга қадар кейинга сурилиши ва бу ҳақда жамоатчилик мунтазам хабардор қилиб борилишини билдирганди.