Ҳиндистондаги Карипур шаҳрида Air India авиакомпаниясининг самолёти хавфли қўнишни амалга оширди ва қўниш чизиғидан ташқарига чиқиб кетди. Бу ҳақда Times of India хабар қилган.

Кадр: Telegram

Самолёт рейсни Дубайдан амалга оширган. Ҳаво кемаси бортида 170 нафардан 191 нафаргача одам бўлгани айтилмоқда. Авиаҳалокат оқибатида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарни, турли даражадаги тан жароҳати олганлар эса 123 нафарни ташкил қилмоқда. Бу ҳақда Аsian News International нашри Twitter’даги саҳифасида хабар қилган.

«Комсомолская правда» нашрининг Россиянинг Ҳиндистондаги Chennai бош консуллигига асосланиб ёзишича, рейсда COVID-19 коронавирус пандемияси туфайли БААда қолиб кетган ҳиндистонликлар олиб келинган.

Air India Express самолётининг ҳалокатига Керала провинциясида бир неча кун давомида тинимсиз ёғган кучли ёмғир таъсир кўрсатган бўлиши мумкин.

Воқеа жойидан олинган суратлар ва видеода самолёт корпусининг қисман вайрон бўлгани акс этган.

Аввалроқ Покистонда PIA компаниясига тегишли самолёт 22 май куни қўниш вақтида турар жой мавзесига қулагани ҳақида хабар берилган эди. Бортда бўлган 97 киши ҳалок бўлган. Ерда бўлган тахминан 10 киши турли даражада тан жароҳати олган, улардан бири авиаҳалокатдан бир неча кун ўтиб вафот этган. Шу билан бирга, самолёт бортида бўлган йўловчилардан икки нафари тирик қолган. Кейинчалик бу борадаги терговнинг дастлабки натижалари эълон қилинган. Дастлаб самолётнинг қўниш учун қилган биринчи уринишида двигатель зарар кўргани, диспетчерлар экипажни бу ҳақда огоҳлантирмагани ойдинлашган.

Иккинчи уринишда учувчилар етарли баландликка эга эмаслиги ҳақида огоҳлантирилган, аммо ушбу хабарга жавоб қайтармаган. Экипаж аъзолари парвоз вақтида коронавирус атрофидаги вазиятларни муҳокама қилган.