«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
08:00, 28.07.2020 54520

Фарзандингизга айтиш яхши оқибатга олиб келмайдиган 8 жумла

Фарзанд неча ёш бўлишидан қатъи назар ота-она учун бола бўлиб қолаверади. Лекин болалик чоғларида эндигина ҳаётни англашга уринаётган мурғак қалб энг яқинлари томонидан айтилган айрим гаплар сабаб, ўзига паст баҳо берадиган, ишончсиз ва тушкунликка бериладиган бўлиб қолиши мумкин. Бу эса ўз навбатида у келажакда қурадиган оиласи, касби ва жамиятда ҳам ўз ўрнини топа олмаслигига олиб келади. Қуйида фарзандга қандай жумлаларни айтмаслик кераклиги ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Фото: Kiddocare

Мени уйимда яшаяпсан, қоидаларга амал қил.

Ушбу жумлани эшитган фарзанд қадр-қиммати ерга урилган, ўзини камситилгандек ҳис қилади. Энг ёмони эса миннат қилингандек тушуниб, ўзи туғилиб ўсган уйдан ҳафсаласи пир бўлиши ва уйда бўлишни истамаслигига олиб келади. Фарзандингизга сиз билан яшагани учунгина қоидаларга бўй суниши эмас, тўғри ва нотўғрилик яхши ва ёмонлик нуқтаи назаридан тартибга риоя қилиниши кераклигини тушунтиринг.

Мен ҳам шундай тарбия олганман, кам бўлмадим.

Ҳар бир оиладаги вазият, бола психологияси индивидуал бўлгани учун ҳам шундан келиб чиқиб муносабатда бўлиш керак. Сизга берилган тарбия ўзини оқлаган дегани, фарзандларингизда ҳам шундай натижа беришига кафолат бўлмайди. Болангизни ички дунёси, қараш ва қизиқишларини ўрганиб, уларни инобатга олган ҳолда ёндашинг, суҳбатлашинг ва тушунишга ҳаракат қилинг.

Сени шу ишни қилишингни ёқтирмайман.

Сиз узоқ ва давомли гапирган бўлишингиз мумкин, лекин бола хотирасига сени ёқтирмайман сўзи муҳрланади. Бунинг оқибатида ўзига ва бажараётган ишига нисбатан ишончсизлик ва кўнгли тўлмаслик пайдо бўлади.

Шу қилиғинг отангга (онангга) ўхшайди.

Дакки давомида ўзини нотўғри иш қилганини англаган бола, оилада битта у эмас, катталар ҳам шундай ножўя ишлар қилар экан, демак айбдор бир мен эмас деган тушунча пайдо бўлади. Энг ёмони эса ўсмир вақтида камчиликлари кузатилса, ўхшатилган инсонни айбдор қилади.

Палончининг боласидан ўрнак олсанг бўлмайдими?

Ҳар бир боланинг ютуқ ва камчиликлари бўлиши табиий, сиз солиштирган ва ўрнак қилиб кўрсатган боланинг ўзига яраша минуслари бўлиши мумкин. Фарзандингиз муваффақиятга эришишини истасангиз уни ютуқларини эътироф этган ҳолда камчилиги нимадан иборат эканини тўғри тушунтиринг ва устида кўпроқ ишласа, ютуқлари сони аввалгидан ҳам кўпайишини ва бу уни қўлидан келишини билдиринг. Аммо асло бошқа бола билан солиштирманг.

Шунақанги ақллисан.

Аслида бу рағбатлантирувчи жумла, лекин ҳали меҳнат қилмаган, изланмаган болакай ақлим бор экан, жонимни қийнамасам ҳам бўлади, деган хулоса чиқариши, оқибатда дарслар ва машғулотларга юзаки ёндашиши мумкин. Бунинг ўрнига сен яхши шуғулландинг, ўз устингда ишладинг ва шунга яраша қойилмақом натижа қайд қилдинг, дея мотивация беринг.

Қўлингдан келмайди.

Ушбу жумла боланинг ўз салоҳияти ва имкониятларига шубҳа билан қараши, оқибатда уриниб кўришдан чўчиши ва ўз қобиғига ўралиб қолишига олиб келади. Фарзандингизга сени қўлингдан ҳамма нарса келади ва мен бунга ишонаман, фақат бунинг учун ҳаракат қилиб кўришинг ва ўз устингда ишлашинг керак деб айтинг.

Аҳмоқсан.

Ушбу калима орқали сиз, ўз имконият ва салоҳиятига етарли баҳо бермайдиган шахс етилишига сабабчи бўлган бўласиз. Ҳаёт фақат мукаммалликдан иборат эмас, паст ва баландликлар бўлиши табиий. Хато қилинганидан кейин уни бартараф этиш, болага тўғри йўл кўрсатиб, тавсия бериш ўрнига уни ҳақоратлаш, сизнинг ожизлигингиздан дарак беради. Бола эса сиздан ўрнак олиб, ёқимсиз вазиятда ечим топиш ўрнига кимнидир айбдор қиладиган бўлиб вояга етади. Унутманг, бола кўзгу — сиз ўзингизни тутишингиз ва муомалангиз унда акс этмай қолмайди.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c