Япониянинг Танегасима космодромида об-ҳаво ноқулай бўлгани сабабли 15 июлга мўлжалланган старт 17 июль санасига, яъни эртага қолдирилди. Эҳтимол, старт ҳақиқатан ҳам 17 июль санасида амалга ошар, балки яна бир муддатга қолдирилар. Лекин ҳозир бу муҳим эмас.  «Дарё» колумнисти Музаффар Қосимов парвоз орқали космик парвозлар пойгасига мутлақо «экзотик» мамлакат – Бирлашган Араб Амирликларининг кириб келаётгани ҳақида маълумот беради.

Al Amal космик аппаратининг Марсга етиб бориш жараёни мусаввир тасаввурида.

Фото: Emirates Mars Mission

Ҳа, араблар ҳозирда шундай катта марра олган. Улар шу кунларда тарихан илк бора ўз автомат космик аппаратини Марсга учиришга яқин турибди. Арабчада Al Amal (умид) деб номланган аппарат Марсдаги ҳозирги атмосфера шароитлари ҳамда динамикасини тадқиқ қилиб, қизил сайёра атмосферасига Қуёш шамолининг таъсири механизмларини ўрганади. The Emirates Mars Mission деб номланган ушбу миссия орқали олимлар Марснинг ҳозирги об-ҳаво параметрлари билан унинг ўтмишдаги иқлими орасидаги боғлиқликни ўрганмоқчи.

БААнинг мазкур аппаратини Mitsubishi компанияси томонидан ишлаб чиқарилган H2A номли элтувчи ракета орбитага олиб чиқади. Сўнгра Al Amal 495 миллион километр масофани учиб ўтиб, Марсга етиб бориши керак. У тахминан 2021 йилнинг февралида манзилга етиб бориши кутилмоқда. Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда БАА федератив давлат сифатида ташкил этилганининг 50 йиллиги нишонланади.

Al Amal нисбатан кичик ўлчамга эга: у ёқилғи захираси билан бирга «атиги» 1,5 тонна тош босади; у тахминан икки йил мобайнида ишлаб, текширишлар ўтказиши кутилмоқда. Лекин ҳаммаси режадагидек кетса, аппарат ҳатто 2025 йилгача ҳам ишлашда давом этиши мумкин.

БАА давлати Марсга парвоз дастури ҳақида даставвал 2014 йилда эълон қилган эди. Албатта, ўшанда жаҳон илмий жамоатчилиги БААнинг моддий жиҳатдан жуда бадавлат эканига қарамай, ҳатто илм-фан масалалари бўйича на бир алоҳида вазирлиги ёки битта вазири ҳам бўлмаган, ҳеч бўлмаса, илм-фан кенгаши (қўмитаси) ҳам мавжуд бўлмаган кичик мамлакат сифатида қараб, унинг космик дастурини бироз кинояга ҳам олган эди.

Боз устига, араблар Ер теварак орбитасида ҳаракатланадиган кичик сунъий йўлдошлар ёки ҳеч бўлмаса Ойга учадиган аппарат ҳақида эмас, балки бирданига қўшни сайёрага – Марсга парвоз ҳақида оғиз очгани кўпчиликнинг энсасини қотирган. Бироқ Амирликлар давлати дунё илмий жамоатчилигининг бу ҳайрати ҳолва эканини 2017 йилда яна бир карра кўрсатиб қўйди. Ўшанда БАА 2117 йилга келиб Марсда бутун бошли шаҳар барпо этиш режасини эълон қилган.

Эслатиб ўтамиз, арабларнинг Марс дастури эълон қилинган ўша 2014 йилда ҳали Амирликлар коинотга фақат иккита кичик аппарат – DubaiSat-1 ва DubaiSat-2 сунъий йўлдошларини учирган эди холос ва у ҳам бўлса амалда Жанубий Корея маҳсулоти бўлиб, БАА томонидан молиялаштирилган ва парвознинг барча харажатлари қопланган бўлган.

Бу сафарги Марсга учиш режаси эса ҳақиқатан ҳам жуда жиддий ва юқорида айтилганидек, арабларнинг Al Amal автомат космик аппарати аллақачон старт майдончасида парвозга шай турибди. Об-ҳаво қулай шароитни тақдим қилиши билан у Марс томон йўлга чиқади. Бу сафар арабларнинг космик лойиҳаси БААнинг ўзидаги Муҳаммад бин Рашид номидаги космик марказда тайёрланган.

Аппарат Марс ва Ер сайёраларининг орбитал ўзига хосликлари туфайли фақат ҳар икки йилда бир юзага келадиган, тахминан бир ой муддатлик энг қулай парвоз вақтига мослаб тайёрланган. Яъни аппарат ҳозир, шу кунларда учириб юборилмаса, кейинги шундай қулай фурсат яна икки йилдан кейингина юзага келади. Бошқа пайтларда учириш эса ёқилғи сарфи жиҳатдан жуда қимматга тушади.

Албатта, Al Amal аппаратини араблар бутунлай мустақил ясаган дейиш фикридан ҳам йироқмиз. Уларга америкалик олимлар яқиндан кўмак берган, аппаратнинг учта энг асосий асбобидан иккитасини NASA буюртмасига кўра шундай асбоб ясайдиган фирма тайёрлаган. Қолаверса, Амирликларнинг ўз космодроми мавжуд эмас ва шу сабабли, улар аппаратни Япониядан учиради.

Лекин ушбу фактларнинг бирортаси БААнинг космик парвозлар соҳасига дадил кириб келаётган ушбу қадамини шубҳа остига қўйишга арзимайди. Чунки замонавий дунёда аллақачон ҳар қандай космик парвозлар халқаро илмий-техник коллаборациялар ёрдамида амалга ошириб келинмоқда. Ҳатто АҚШ, Россия каби ўзининг илдизи бақувват космик дастурларига эга мамлакатлар ҳам бу борада ҳозир мутлақо мустақил ишлай олмайди! Шу сабабли, БАА ҳам эндиликда Марсни тадқиқ қилишга тўлақонли равишда қўшилган яна бир катта мамлакатга айланиши аниқ.

Масаланинг яна бир жиҳати эътиборли ва таҳсинга сазовордир. The Emirates Mars Mission лойиҳасида иш олиб бораётган араб муҳандислари гуруҳининг ўртача ёши 27 ёшни ташкил қилади. Эҳтимол, бу араб ёшлари Европа ва Американинг илғор олийгоҳларини яқиндагина тамомлаган битирувчилардан иборат бўлса керак. Демоқчиманки, Амирликларнинг космик лойиҳаси нафақат техник жиҳатдан, балки истиқболли ёш кадрлар масаласи юзасидан ҳам катта потенциалга эга.

Қуйидаги видеолавҳада БАА томонидан 2017 йилда намойиш қилинган Марс миссияси ҳақидаги тақдимотни кўришингиз мумкин. Биз эса дастлабки араб ва ислом Марс миссиясига муваффақият тилаймиз!

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.