Физикадан яхши хабардор бўлган муштарийларимиз биладики, табиатда бир неча сақланиш қонунлари мавжуд бўлиб, улар орасида энг асосийлари бу энергиянинг сақланиш қонуни, массанинг сақланиш қонуни, импулснинг сақланиш қонуни ва ҳоказолардир. Шундай қонунлар ичида яна бир муҳим сақланиш қонунини бундан қарийб 272 йил муқаддам Михаил Ломоносов кашф қилган эди. «Дарё» ушбу сана муносабати билан қонуннинг очилиш тарихи ва бошқа қизиқарли фактлар ҳақида ҳикоя қилади.
Михаил Ломоносов 1711–1765 йилларда яшаб ўтган йирик олим, фан арбоби саналади. Ўша замоннинг аксар йирик олимларига хос равишда, Ломоносов ҳам фақатгина бир фан соҳасидаги тадқиқотлар билан чегараланиб қолмасдан, балки жуда кенг қамровли илмий фаолият юритган. Физикадан ташқари унинг кимё, астрономия, геология, география, тарих, архитектура ва ҳатто филологияга тааллуқли изланишлар билан шуғуллангани маълум. Венера сайёрасининг атмосферага эга эканини ҳам биринчи бўлиб айнан Ломоносов кашф қилган эди.
Ломоносов Россияда маҳаллий аҳоли ичидан етишиб чиққан биринчи йирик олим ҳам саналади. Унгача бўлган даврда, рус императорлари мамлакатнинг академик салоҳиятини ошириш мақсадида йирик олийгоҳларга ва ҳатто Фанлар академиясига ҳам фақат Европадан кучли олимларни (асосан немис олимларини) таклиф этиб, иш ташкил қилишар эди. Хусусан, ўша йилларда Петербургда ўз даврнинг энг кучли математиги Леонард Эйлер, Бернулли, Голдбах, Байер сингарилар фаолият юритишган.
Ломоносов ўзи ҳам талабалик пайтида илғор замонавий таълим кўриши учун Германияга юборилган ва беш йил мобайнида математика, фалсафа, кимё ва металлургия бўйича ўқиган. 1741 йилда у Россияга қайтгач, Фанлар академиясига физика йўналиши бўйича адюнкт лавозимига тайинланган ва 1745 йилда у руслар ичидан етишиб чиққан энг биринчи профессор ўлароқ, кимё фани бўйича академик даражасига эришган.
Ҳали биз билгандек импакт-факторли илмий журналлар чоп этилмаган ва олимлар йирик илмий анжуманларга йиғилишни одат қилмаган ўша замонда фаннинг муаммолари ва илғор натижалари бўйича ўзаро фикр алмашиниш учун олимлар, одатда, бир-бирларига хат ёзиб, масала моҳиятини баён қилишар эди.
Михаил Ломоносов ҳам 1748 йилнинг 16 июль кунида математик Леонард Эйлерга хат ёзиб, унда ўзининг ҳаракат ва материяга оид мулоҳазалари билан ўртоқлашган. Бугун ўша мактуб битилганига роппа-роса 272 йил тўлган санада унда ёзилган қуйидаги жумлаларни эсга олиш мумкин: «Табиатда содир бўладиган ҳар қандай ўзгаришлардаги моҳият шундаки, бир жисмдан қанчадир бир нима олинса, бошқа бир жисмга шунча нарса қўшилади. Бирор жойда бир қанча материя камайса, бошқа жойда у шунчага кўпаяди. Ушбу умумий табиий қонун ҳаракат қоидалари учун ҳам тааллуқлидир: ўз кучи билан ҳаракатланаётган бирор жисм, ундан куч олиб ҳаракатланаётган бошқа жисмга бераётганичалик равишда уни (кучни) йўқотади».
Сақланиб қолган ушбу тарихий фактга кўра, фанда ҳақли равишда Михаил Ломоносов материянинг сақланиш қонунини очган олим сифатида эътироф этилади. Ушбу қонунни амалий тажрибалар орқали исботлаб кўриш учун Ломоносов 1756 йилда бир неча экспериментлар ўтказади. Унинг зич ёпиқ шиша идишларда металларни қиздириб кўриш ва массани ўлчаш орқали бажарган тажрибаларида материянинг сақланиши ўз тасдиғини топган. Олим бу борадаги илмий ишларини 1758 йилда эълон қилинган «Материя ва вазннинг ўзаро нисбати ҳақида» деб номланган рисоласида баён қилган.
Материянинг сақланиш қонуни нафақат модда ва жисмлар учун, балки ҳаракат қонунлари ва термодинамика учун ҳам алоқадор бўлиб, иссиқлик баланси, термодинамиканинг биринчи бош қонуни сингариларнинг шакллантирилишида муҳим аҳамият касб этган.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)