Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусдан вафот этган тиббиёт ходимлари рўйхатини эълон қилди, деб хабар бермоқда Tengrinews.

Фото: Reuters

«Мудҳиш ва ҳали яхши ўрганилмаган касалликдан 375 нафардан ортиқ ватандошларимиз, шу жумладан, тиббиёт ходимлари — провизор, юқумли касалликлар, карантин ва модул стационар хизмати ходимлари вафот этди. Бу мамлакат ва давлат соғлиқни сақлаш тизими учун катта ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишдир. Уларнинг ҳар бири шахс, мутахассис ва фуқаро сифатида алоҳида қадрли эди», — дейилади ССВ хабарида.

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Алексей Цой ўзининг Facebook’даги саҳифасида COVID-19’дан ҳалок бўлганларнинг яқинларига Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ўз номидан ҳамдардлик билдирган.

«Шу кунларда мен ўз ҳамкасбларим — даҳшатли ва олдиндан айтиб бўлмайдиган таҳдидга юзма-юз дуч келган ва унга қарши охиригача курашган шифокорлар ва тиббиёт ходимларининг вафот этгани ҳақида чуқур оғриқ билан хабар топяпман. Коронавирус борган сари кўпроқ шифокорлар, ҳамширалар ўлимига сабаб бўлмоқда. Ушбу йўқотишларнинг ўрнини ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Улар фидокорона равишда ўз бурчларини охиригача бажаришди. Биз учун улар абадий қаҳрамон бўлиб қолади», — деб ёзган вазир ўзининг саҳифасида.

Вазирлик, шунингдек, коронавирусдан вафот этган шифокорларнинг рўйхатини ҳам эълон қилган. Унга 28 нафар тиббиёт ходими киритилган.

Tengrinews’нинг Оқ ўрда сайтига таяниб хабар беришича, мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев коронавирусга қарши курашда вафот этган қозоғистонлик шифокорларнинг икки нафарини олий давлат мукофоти билан тақдирлади.

Кокшетау шаҳар кўп тармоқли шифохонаси бўлим бошлиғи Олег Исаев ва Ақтўбе вилояти юқумли касалликлар клиник касалхонасининг бош шифокори Калихан Козбагаровга  «Qazaqstanniq Enbek Yeri» («Қозоғистон Меҳнат Қаҳрамони») унвони Олтин юлдуз ва «Отан» ордени билан бирга топширилган.

Бундан ташқари, хизмат бурчини аъло даражада бажарганлиги, фуқароларнинг соғлиғини ҳимоя қилишдаги фидокорона фаолияти туфайли вафот этганидан кейин бир қатор тиббиёт ходимларига «Барис», «Парасат» ва «Қурмет» орденлари топширилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, Қозоғистонда коронавирусга чалинганлар сони 58 253 кишига етган. Ҳозирга қадар 33 814 киши соғайган, 280 киши вирус қурбонига айланган.

Мамлакатда 13 июль — коронавирус инфекциясидан вафот этган фуқаролар хотираси учун мотам куни деб эълон қилинди. Шу муносабат билан коронавирус пандемияси қурбонига айланган фуқаролар хотирасига бутун мамлакат бўйлаб Нур-Султон вақти билан соат 12:00 да бир дақиқалик сукут эълон қилинди.