«Сеними, шошмай тур!» мультфильмининг янги қисмларида бўри сигарет чекмайди. Бу ҳақда «Союзмультфильм» киностудияси директори Борис Машковцевга таяниб, «РБК» хабар берди.
«Ҳозирда сюжет тайёрланаётган қисмларда бўри ҳеч нима чекмайди», — дейди Машковцев. Унинг сўзларига кўра, мультфильмнинг эски қисмларида бўрининг ўзига хос жиҳати бўлган сигарет чекиш ҳозирги замонда унинг образи нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлиши мумкин.
«Бугунги кунда бўри чекадиган бўлса, бу янглиш тушунилади… Замонамиз томошабинига бўри образини етказиб бериш учун биз мутлақо бошқа рамзлардан фойдаланишимиз керак», — дейди киностудия директори.
Шунингдек, янги қисмларда бошқа қаҳрамонларнинг овозлари ҳам ўзгариши мумкин. Машковцевнинг айтишича, мультфильм ижодкорлари унинг дубляжи классик қисмларга мос келиши учун ҳаракат қилмайди.
Аввалроқ «Союзмультфильм» «Сеними, шошмай тур!» мультсериалининг янги эпизодларини замонавий томошабинлар учун қайта тақдим этиш режалаштирилаётганини ва у 52 қисмдан иборат бўлишини маълум қилганди. Маълумотларга кўра, янги қисмларда бўри жинси ва кроссовкада бўлади.
Изоҳ (0)