Республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, 15 июндан қуйидаги тоифадаги шахсларга авиақатновлар орқали санитария-эпидемиологик вазият барқарор бўлган давлатларга Ўзбекистондан кириш ва чиқишга рухсат берилди:

  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари;
  • инвестиция лойиҳалари доирасидаги Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий компания ва бошқа ташкилотлар мутахассислари;
  • даволаниш учун келаётган (чиқаётган) шахслар;
  • хорижда яқин қариндошлари ёхуд оғир касал бўлган қариндош-уруғлари мавжуд бўлган шахслар;
  • хорижий давлатлар дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари сўровларига асосан, Ўзбекистон орқали бошқа давлатларга олиб ўтилаётган (транзит ҳаракатланаётган) шахслар;
  • Ўзбекистонда доимий рўйхатдан ўтган хорижий давлат фуқаролари, доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек, хорижий давлатда доимий рўйхатдан ўтган Ўзбекистон фуқаролари.

Шунингдек, ўқиш ва меҳнат фаолиятини давом эттириш учун фуқароларга Ўзбекистондан чиқишга рухсат берилди. «Бунда, авиақатновлар санитария қоидалари ва нормаларига қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилади», — дея хабар бермоқда Telegram’даги @koronavirusinfouz канали.