Жануби-шарқий Осиёдаги ёввойи ҳайвонлар бозори коронавирус тарқалиши учун қулай шароит ҳисобланади. Бу каби хулоса халқаро зоологлар жамоаси томонидан bioRxiv порталида эълон қилинган тадқиқот натижаларида келтирилган.

Фото: National Geographic

Олимлар 2013—2014 йилларда Вьетнамдаги бозор ва фермаларда тадқиқот ўтказган. Ўша вақтда улар бозорда сотилаётган ҳайвонларнинг биологик материаллар намуналарини йиққан.

Полимераза занжир реакцияси усули ёрдамида тадқиқотчилар намуналарда турли хил коронавирусларнинг генетик кетма-кетлигини аниқлашга муваффақ бўлган. Улар Coronaviridae оиласига мансуб олтита турли патоген мавжудлигини аниқлаган — хусусан, COVID-19’ни қўзғовчи бетакоронавирус ҳам.

«Коронавируснинг турли штаммлари тирик кемирувчилар сотилаётган 24 та бозорнинг барчасида аниқланган. Бундан ташқари, бу каби ҳайвонларни етказиб бериш билан шуғулланувчи фермаларнинг 60 фоизида ва кўршапалакларнинг ахлатидан ўғит тайёрлайдиган корхоналарнинг 94 фоизида аниқланган», — дейилади мақолада.

Тадқиқот натижаларига кўра, ҳайвонларнинг таъминот занжири бўйлаб етказиб бериш давом этар экан, турли коронавируслар билан касалланиш ҳолатлари ўсади. Хусусан, овчилар томонидан сотиладиган оддий каламушларда касалланиш улуши 20,7 фоизни ташкил этган бўлса, йирик бозорларда ушбу кўрсаткич 32 фоизга етган. Ресторанларга етказиб бериладиган каламуш намуналарида эса 55,6 фоиз касалланиш қайд этилган. Бу каби тенденция бамбук каламушлари, жайра ва қўлқанотлиларда ҳам кузатилган.

Олимларнинг тахминича, коронавирусларнинг гўшт бозорларида тарқалиши турли хил гўнгларни аралаштириш ёки патогенни бир турдан бошқасига тўғридан-тўғри юбориш орқали содир бўлмоқда. Бунга кемирувчилар гўнгида қуш ва кўршапалакларга хос вируслар аниқлангани борасидаги фактлар далил бўлмоқда.

Олимлар Вьетнам ва Жануби-шарқий Осиёнинг бошқа давлатлари ҳаёт учун хавфли бошқа янги вирус тарқалмаслиги учун керакли чораларни кўриши лозимлигини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, Хитой ҳукумати коронавирус тарқалиши муносабати билан ёввойи ҳайвонлар гўштини сотиш ва истеъмол қилишни тақиқлаб қўйган. Фақатгина чўчқа, қўй, эшак, қуён, ўрдак, ғоз, каптар ва бошқа чорва моллари, шунингдек, балиқ ейишга рухсат берилади.