АҚШ президенти Дональд Трамп агарда Брюссель ва Пекин Америка қисқичбақаларига солинган божхона йиғимларини бекор қилмаса, Европа Иттифоқи автомобилларига, шунингдек, Хитойнинг бир қатор товарларига бож жорий этишини билдирди. Бу ҳақда мамлакат раҳбари 5 июнь, жума куни ўзининг қишқичбақалари билан танилган Мэн штатига амалга оширган ташрифи давомида маълум қилган.

«Агарда Европа Иттифоқи зудлик билан ушбу божни бекор қилмаса, биз уларнинг машиналарига бож жорий этамиз. Бу ‘эквивалент плюс’ бўлади», — дейди Трамп.

Шунингдек, Трампнинг қўшимча қилишича, «Хитойга етказиладиган Мэн штати қисқичбақалари солинадиган бож бекор қилинмаса, АҚШ ҳукумати бу каби чораларни Хитой маҳсулотларига нисбатан ҳам қўллайди.

Шу билан бирга, Америка етакчиси Европа Иттифоқи тезлик билан АҚШ қисқичбақаларига солинадиган божни бекор қилишини қайд этиб ўтган. У Оқ уй ҳузуридаги Савдо масалалари бўйича миллий кенгаш раҳбарига Хитойдан АҚШга кириб келадиган қайси маҳсулотларга бож жорий этиш лозимлигини аниқлаш бўйича топшириқ берган.

Дональд Трампнинг, айниқса, Канада томонидан Европа давлатларига етказиладиган худди шу каби қисқичбақаларга бож тўланмаётгани жаҳлини чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда ҳам Трамп Европа автомобилларига солиқ жорий этиш, Хитой маҳсулотларига эса 200 миллиард долларлик божлар билан таҳдид қилганди. Кейинроқ Трамп ўз фикридан қайтган. 2020 йилнинг январь ойида АҚШ ва Хитой савдо келишувига оид янги битимни имзолаган эди.