Коронавируснинг иссиқ ҳаво ҳамда ултрабинафша нурлар таъсирида тарқалиши секинлашади. Бу ҳақда АҚШнинг Маунт Оберн касалхонаси мутахассисларининг тадқиқотида баён қилинган, деб ёзмоқда Оксфорд университетининг расмий сайти.

Фото: The Wееk

Олимлар АҚШда COVID-19 билан касалланишнинг 2020 йил баҳор ойларидаги кўрсаткичларини таҳлил қилган. Коронавируснинг тарқалиши ёки аксинча, тарқалмаслигига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида ҳаво ҳарорати, ултрабинафша нурлар, намлик ва бошқа кўрсаткичлар қайд этилган. Цельсий бўйича ҳарорат 10 даражадан баланд бўлганида инфекциянинг тарқалиши ҳақиқатан ҳам секинлашиши аниқланди.

Мутахассислар турли ҳарорат диапазонидаги вазиятларда коронавируснинг яшовчанлигини текширган: ҳарорат Цельсий бўйича +1 дан +4 гача, +4 дан +10 гача, +10 дан +16 гача ва +16 ва ундан ортиқ даража дейилган. Ошкор қилинган маълумотларга кўра, коронавирус инфекцияси тарқалишининг энг паст частотаси Цельсий бўйича 10 даражагача бўлган ҳароратда кузатилган. Касалланиш ҳолатларининг кўпайиш даври эса ҳарорат мусбат натижага яқинлашмаган кунларга тўғри келган.

Олимлар Цельсий бўйича +10 даражадан баланд ҳаво ҳароратида вируснинг нисбатан қисқа даврда яшаб қолиши мумкинлиги, шунингдек, SARS-CoV-2 заррачалари юқори ултрабинафша нурлари таъсирида фаоллашишдан тўхташини аниқлаган. Қолган омиллар, масалан, ҳаво намлиги COVID-19’нинг тарқалишига деярли таъсир кўрсатмайди.

Май ўрталарида россиялик олимлар коронавирус устида ёз вақтида ҳам ғалаба қилиш жуда қийин эканини маълум қилганди. Гамалеи номидаги эпидемиология ва микробиология миллий тадқиқотлар маркази директори Александр Гинцбург ҳали COVID-19 устидан ғалаба қозониш ҳақида гапиришга эрта экани ва ҳозир унинг тарқалишига тўсқинлик қилиш муҳимроқлигини билдирганди.