Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳри ва Бекобод туманларини боғловчи 2-сонли блокпостда 2 июнь куни Lacetti автомобилида ҳаракатланиб келаётган икки фуқаро Давлат санитария-эпидемиология осойишталик маркази (ДСЭОМ) ходимларини ҳақоратлаб, камситган. Ушбу ҳолат видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган.

Видеолавҳада Lacetti’даги фуқаролар блокпостдаги ходимларни ҳақорат қилиб, турли гапларни гапириб, сўнг йўлда давом этганини кўриш мумкин. Тошкент вилояти ИИББдан маълум қилишларича, ушбу шахсларга нисбатан шу куннинг ўзида Бекобод шаҳар ички ишлар органлари томонидан тегишли ҳужжатлар тўпланиб, Бекобод шаҳар маъмурий судига юборилган.

2 июнь куни бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида ушбу икки фуқаронинг ҳар бири Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 54-моддаси (Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми, 183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисмида (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, уларга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалроқ Тошкент вилоятида биргина 29 май куни карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ 1,4 мингта ҳолат қайд этилгани, Ўзбекистонда карантин тадбирлари бошланганидан буён вилоятда 15 мингдан ортиқ автомобиль жарима майдончаларига жойлаштирилгани ҳақида хабар берилган эди.