Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан 3 нафар, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 7 нафар, Самарқанд вилоятида 11 нафар ҳамда Андижон вилоятида 1 нафар, жами 22 нафар бемор бутунлай соғайди ва реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари (50 ва 47 ёшли аёллар) Тошкент вилояти, 1 нафари эса (28 ёшли эркак) Сурхондарё вилоятидан.

Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида тузалганларнинг 2 нафари эркак, 5 нафари аёл бўлиб, ёши каттаси 55 ёшда, ёши кичиги 11 ёшда. Ҳудудлар кесимида олинса, 4 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан, 1 нафар эса Наманган вилоятидан.

Шундай қилиб, Тошкент шаҳрида жами соғайганлар 1120 нафарга етди.

Самарқанд вилоятидан соғайганларниг барчаси ушбу вилоятдан бўлиб, 6 нафари эркак, 5 нафари аёл. Уларнинг ёши каттаси 71 ёшда, ёши кичиги 18 ёшда.

Андижон вилоятида тузалган бемор (22 ёшли аёл) Андижон шаҳридан бўлиб, эндиликда вилоятда соғайганлар сони 175 нафарга етди.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони 2 837 нафарга етгани хабар берилган эди. Энди эса улар сони 2 859 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса, 1 июнь соат 17:00 ҳолатига кўра 3 673 нафарни ташкил қилмоқда, беморларнинг 14 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.