Россия Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига коронавирусга қарши саккизта вакцина таклиф қилди. Бу ҳақда ташкилотнинг Россиядаги вакили Мелита Вуйнович маълум қилди, деб ёзмоқда «РИА Новости».

Фото: «РИА Новости»

«Россиянинг ҳиссаси жуда катта. Бизда Россиянинг турли институтларидан таклиф қилинган саккизта номзод вакцина рўйхатдан ўтди», — дея маълум қилган ЖССТ вакили.

Қайд этилишича, дунёда жами 124 та вакцина устида иш олиб борилмоқда, уларнинг 10 таси клиник синовлардан ўтмоқда.

Маълум қилинишича, Россияда SARS-CoV-2 коронавирусига қарши ишлаб чиқилган учта вакцинанинг клиник синовлари 29 май куни бошланади. Шунингдек, вакцинани оммавий ишлаб чиқариш бўйича тайёргарлик ишлари ҳам кетмоқда.

Аввалроқ АҚШ коронавирусга қарши вакцинани яратишга бир миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратгани, Буюк Британия эса жорий йилнинг сентябрь ойидан коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқаришни режалаштираётгани ҳақида хабарлар берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШнинг Moderna компанияси коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари биринчи фазаси ижобий натижалар билан тугаётганини маълум қилган. Шунингдек, АҚШда коронавирусга қарши ДНК-вакцина синовдан ўтказилди.