Ўзбекистонда 2020 йилнинг 26 май ҳолатига кўра, коронавирусга қарши кураш учун жалб қилинган тиббиёт ходимларига жами тўланган рағбатлантирувчи тўловлар миқдори 142,9 миллиард сўмни ташкил этди. Бироқ 19,6 миллиард сўм миқдоридаги тўловлар ўз вақтида тўланмаган. Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Таъкидланишича, Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан короновирус билан касалланган ва карантинга олинган фуқаролар даволанаётган соғлиқни сақлаш муассасалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг тиббиёт ходимларига бериладиган рағбатлантириш пулларининг тўланиши Молия вазирлигининг назоратида турибди.

Молия вазирлиги Давлат молиявий назорати департаменти томонидан 2020 йилнинг 15—18 май кунлари коронавирус билан касалланган беморлар даволанаётган соғлиқни сақлаш муассасалари ва бу жараёнда иштирок этаётган бошқа муассасаларда назорат тадбирлари ўтказилган.

Тадбирлар давомида 32 та тиббиёт муассасасида 932 нафар ходимга 19,6 миллиард сўм миқдоридаги махсус рағбатлантириш пуллари тўлови кечиктирилганлиги аниқланди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси томонидан вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига талабнома ўз вақтида берилмаганлиги оқибатида 21 нафар тиббиёт ходимига иккинчи 14 кунлик иш фаолияти учун 373,6 миллион сўм рағбатлантириш пуллари ўз вақтида амалга оширилмаган.

Худди шу каби ҳолат Самарқанд вилоятида ҳам кузатилган. Самарқанд вилоят Юқумли касалликлари клиник шифохонаси томонидан тиббиёт ходимларига рағбатлантириш пуллари учун талабнома юборилган бўлса-да, вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ўрнатилган тартибда тиббиёт ходимлар рўйхатини тасдиқлаб, маблағ ажратишга талабномани вилоят молия бош бошқармасига тақдим этмаган. Натижада 61 нафар тиббиёт ходимига 1,2 миллиард сўм рағбатлантириш пулларининг тўланишида кечикиш ҳолатлари юзага келган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида тўловлар тўлиқ амалга оширилиши таъминланган.

Хоразм вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига 9 та соғлиқни сақлаш муассасаси томонидан 2020 йил 6 май куни ходимларга рағбатлантириш пули учун талабномалар берилган. Бироқ вилоят Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тиббиёт ходимлари рўйхати ва 1,7 миллиард сўм миқдорида зарур маблағ учун талабномалар шакллантирилмаганлиги оқибатида рағбатлантириш пули учун маблағ ўз вақтида молиялаштирилмаган.

Андижон вилоят Юқумли касалликлар шифохонаси масъуллари томонидан бошқа тиббиёт муассасаларидан жалб этилган тиббиёт ходимларига ишлаган кунлари учун табеллар тақдим этилмаганлиги оқибатида 80 нафар тиббиёт ходимига 1,7 миллиард сўм рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўланмаган.

Тошкент шаҳрининг 5 та тиббиёт муассасасининг тиббиёт ходимларига 4,7 миллиард сўмлик рағбатлантириш пуллари ўз вақтида тўланмаганлиги аниқланган.

Вазирликнинг билдиришича, назорат тадбирларида аниқланган ҳолатлар бартараф этилиб, 932 нафар тиббиёт ходимига 19,6 миллиард сўм рағбатлантириш пуллари тўлиқ тўланиши таъминланган.

«Шунингдек, назорат тадбирларида коронавирус билан касалланган ва карантинга олинган фуқароларни даволашда иштирок этмаган ходимларни рағбатлантириш пули рўйхатига асоссиз киритиш ва тўлаш ҳолатлари ҳам аниқланган. Асоссиз ва ортиқча киритилган маблағлар ўрнатилган тартибда молиялаштиришдан чегириб қолинган, асоссиз тўлаб юборилган пулларни ундириш чоралари кўрилмоқда», — дейилади вазирлик хабарида.

Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларига қарийб 54,9 миллиард сўм мукофот пули тўлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда санитария-эпидемиология хизматида ишлайдиган 11 минг ходимнинг иш ҳақи 2,5 бараварга оширилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимларига ҳар 14 кунлик фаолият даври учун махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланган. Шунингдек, беморлар билан ишлаш давомида коронавирус инфекциясини юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга 100 миллион сўмдан тўланади.

Коронавирус инфекциясига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига эса 250 миллион сўм миқдорида бир марталик тўловлар тўланади.