Ўзбекистонда 23 май, шанба куни коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ 79 та ҳолат аниқланди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот котиби Фурқат Санаевнинг маълум қилишича, касалланиш ҳолатларининг 70 таси хориждан келиб, карантинга олинганларда, тўққизтаси эса аҳоли орасида аниқланган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Шанба куни коронавирусга чалинганлар сони бўйича статистик кўрсаткичлар фақат Самарқанд вилояти ва Тошкентда ўзгарди — Самарқандда аҳоли орасида етти кишида, Тошкент шаҳрида эса аҳоли орасида икки кишида коронавирус аниқланди, қолган 70 та ҳолатнинг бари хориждан келиб, пойтахт минтақасида карантинга олинганлардир.

Айни вақтда, 23 май давомида коронавирусга чалинган 40 нафар бемор соғайиб, реабилитацияга кузатилди. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 17 киши, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти клиникасида 16 киши, Наманган вилоятида эса етти киши соғайди.

23 май соат 23:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон бўйича коронавирусга чалинганлар сони 3115 нафарни ташкил этмоқда, улардан 2532 нафари (81 фоизи) соғайиб, реабилитацияга кузатилган, 570 нафар бемор даволанишни давом эттирмоқда; беморларнинг 13 нафари коронавирус инфекцияси асоратлари оқибатида вафот этган.

Маълумот ўрнида, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Сурхондарё ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудудлар бўлиб турибди. Қорақалпоғистон ва Наманганда коронавирусдан даволанаётган тўққиз нафардан, Андижон вилоятида эса саккиз нафар, Хоразм вилоятида уч бемор қолган — тўрттала ҳудудда касалликдан даволаниб бўлганлар улуши 90 фоиздан юқори.

Айни вақтда энг кўп беморлар Тошкент шаҳрида (371 нафар), Самарқанд вилоятида (107 нафар) ва Навоий вилоятида (70 нафар) бўлиб турибди. Навоий вилоятида 15 мартдан буён коронавирусга чалиниш билан боғлиқ жами 72 та ҳолат аниқлангани ҳисобга олинса, ҳудуддаги вазият (соғайганлар атиги 3 фоизни ташкил қилмоқда — бу мамлакат бўйича энг паст кўрсаткич) айниқса оғир экани англашилади.