Филиппинлик журналист Дорис Бигорния кўпчилик сингари уйдан ишлаяпти. Бир куни у жонли эфирга чиқаётган пайтда аёлнинг мушуклари бир-бири билан тимдалашди. Бу ҳақда Esquire хабар берди.

Мушукларнинг овозини эшитиб, Дорис орқага қаради. Дастлаб у табассумини ушлаб туришга ҳаракат қилди. Кейин эса мушуклар эфирни бузиши мумкинлигидан асабийлашди.

Дорис интервью охиригача ўзини қандай тутишни билмай қолди: ўзини ҳеч нарса бўлмагандек туцинми ёки мушукларни қувиб юборсинми?

Бироқ айнан жанжалкаш мушуклар сабаб Дориснинг интервьюси жуда кўп марта томоша қилинди.

Журналист аёл ва унинг жониворлари янги мухлислар орттирди. Эндиликда мухлислар Дориснинг репортажларини мушукларни кўриш илинжида томоша қилмоқда.