Google Arts & Culture онлайн платформасида Ўзбекистон музейлари ва маданиятига бағишланган учта янги коллекция очилди. Бу ҳақда лойиҳани ташкил қилган Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маълум қилди. Мазкур коллекцияларнинг очилиши 18 майда нишонланадиган Халқаро музейлар кунига тўғри келди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Биринчи тўпламда пейзажлар, шунингдек, Яфф Ассулин ва Лазиз Ҳаманинини «Ўзбекистон. Самарқандга йўл» китобини нашр этишга илҳомлантирган мамлакат тарихи ва архитектура ёдгорликлари мавжуд. Муаллифлар мамлакатнинг энг чекка ҳудудларига ташриф буюриб, тарих билан юзма-юз келган ҳамда амалий ва ижрочилик санъатининг усталари томонидан яратилган асарларни томоша қилган. Натижада сафар таассуротлари «Ўзбекистон. Самарқандга йўл» китоби саҳифаларида ўз аксини топган.

Иккинчи тўплам Лувр музейидаги «Буюк Ипак йўлидаги цивилизация ва маданиятлар» кўргазмасида Ўзбекистоннинг маданий меросини намойиш этадиган энг қадимий асарлар ҳақида ҳикоя қилади. Унда томошабинларга Варахша саройидаги деворий суратлар, фрескаларнинг парчалари, Фаёзтепадаги Будда ҳайкали, қадимий муқаддас Усмон Қуръони қўлёзмаси ва жаҳоннинг маданий меросига кирувчи Ўзбекистоннинг бошқа муҳим экспонатлари намойиш этилади.

Учинчи тўпламда Марказий Осиёдаги энг йирик музейларидан бири — Ўзбекистон давлат санъат музейи тарихи намойиш этилади. Музейнинг яратилиш тарихи ва архив фотосуратлари томошабинга музей очилишидан бери меъморчилик ва кўргазма майдонининг бошидан кечирган ажойиб метаморфозаларни намойиш этади. Шу билан бирга, мазкур тўпламда япон меъмори Тадао Андо томонидан ишлаб чиқилган музей меъморчилигининг янгиланган концепциясининг тақдимоти мавжуд.

Таъкидланишича, Google Arts & Culture онлайн платформаси жаҳон маданияти ва санъати соҳасида Ўзбекистон маданияти ва санъатини тарғиб қилишда жамғарманинг ҳамкорига айланиб улгурган. Ҳозирга қадар ушбу платформада Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Республикаси давлат санъат музейи, Ойбек уй музейи ҳамда Тошкентдаги Замонавий санъат марказидаги Саодат Исмоилованинг «Қирқ қиз» кўргазмаси очилиши маросими ўрин олган.

Google Arts & Culture юқори аниқликдаги санъат асарлари суратларини томоша қилишга имкон берадиган интернет платформа ҳисобланади. Лойиҳа 2011 йилда Google компанияси томонидан 17 та музей билан ҳамкорликда ишга туширилган. Бугунги кунда лойиҳага бутун дунёдан 2000 дан ортиқ маданият муассасаси қўшилган.