Қирғизистонда коронавирус билан касалланганлар сони 843 кишига етди. Бу ҳақда республика коронавирусга қарши курашиш штабига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
«5 май ҳолатига кўра, COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланиш бўйича яна 13 та ҳолат аниқланди», — дейди штаб вакили.
Унинг сўзларига кўра, шунингдек, коронавирус оқибатида вафот этиш бўйича яна бир ҳолат қайд этилган. «COVID-19 ташхиси қўйилган 69 ёшли эркак вафот этди. Бундан ташқари, унда икки томонлама пневмония, ўткир нафас етишмовчилиги, бош мия шиши кузатилган. Шунингдек, бемор қандли диабетдан азият чекиб, инсулин олиб келган», — дейилади хабарда.
Шундай қилиб, Қирғизистонда коронавирус билан касалланганлар сони 843 кишига етди, 11 киши вафот этди. Касалларнинг 600 нафари даволанишга муваффақ бўлган. Мамлакатда пандемия бошланганидан буён коронавирусга 58 мингдан ортиқ тест олинган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони жами 2189 нафарни ташкил қилиб, уларнинг 1405 нафари соғайган, 10 нафар бемор вафот этган. Айни вақтда 774 нафар бемор даволанмоқда. Мамлакатда 4 май соат 23:00 дан 5 май соат 10:00 га қадар коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ бирорта ҳолат қайд этилмади.