Саудия Арабистонининг Ар-Риёд ҳамда Қатарнинг Доҳа шаҳарлари 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун ариза топширди. Бу ҳақда Осиё Олимпия кенгаши маълум қилди. Аввалроқ Ўзбекистон ҳам мазкур мусобақа мезбонлиги учун даъвогар бўлиши хабар қилинганди.
Таъкидланишича, ариза топширишнинг сўнгги муддати 22 апрелга қадар фақат Доҳа ва Ар-Риёд шаҳарларидан XXI Осиё ўйинлари мезбонлиги учун расмий ариза қабул қилинган. Ҳар бир мамлакат миллий Олимпия қўмитаси бу борада шаҳар ва ҳукуматнинг тегишли рухсатномасини тақдим этган.
Доҳа бунга қадар 2006 йилги Осиё ўйинларига мезбонлик қилган, бироқ Саудия Арабистони учун бу янгилик ҳисобланади. Мезбон шаҳар номи 2020 йилнинг 29 ноябрида маълум қилинади.
Маълумот учун, сўнгги Осиё ўйинлари 2018 йилда Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида ўтказилган. 2022 йилги ўйинларга Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилса, 2026 йилги мусобақа Япониянинг Нагоя шаҳрида бўлиб ўтади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонинг Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари 2030 йилги Осиё ўйинлари мезбонлиги учун даъвогарлик қилиши айтилганди.
Хусусан, 2018 йилнинг декабрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатида Ўзбекистон келажакда Осиё ўйинлари мусобақаларидан бирига мезбонлик қилиши кераклиги ва бу борада истиқболли режалар ишлаб чиқилиши лозимлиги ҳақида айтганди.
2019 йилнинг февраль ойида Осиё Олимпия Кенгаши президенти Шайх Аҳмад ал-Фаҳад ас-Сабоҳ Тошкентга ташриф буюради. Ас-Сабоҳ ва Миллий Олимпия қўмитасининг ўша вақтдаги президенти Умид Аҳмаджонов икки кун давомида Осиё ўйинларига мезбонлик қилиш имкониятларини муҳокама қилганди. Ўша пайтда Аҳмаджонов Миллий олимпия қўмитаси раҳбарияти томонидан 2030 йилги Осиё ўйинларини Тошкент ва Самарқандда ўтказиш бўйича ариза Осиё Олимпия Кенгашига тақдим этилгани ҳақида маълум қилганди.
2019 йилнинг май ойида эса Ўзбекистонда ёзги Осиё ўйинларини ташкил этиш тўғрисида ҳукумат қарори эълон қилиганди. Унда Ўзбекистон 2030 йилги Осиё ўйинлари мусобақаси мезбонлигига даъвогар бўлиши имконияти мавжудлиги таъкидланиб, ўйинларни ўтказиш учун муносиб инфраструктурани яратиш чора-тадбриларини ишлаб чиқиш белгиланганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!