Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборида юз берган авариядан сўнг 1 май куни зудлик билан Сирдарё вилоятига сафар қилиб, Оқолтин туманида аҳоли вакиллари билан учрашди. «Ўзбекистон 24» телеканали хабарига кўра, Президент аҳоли вакиллари билан учрашувда саросимага ўрин йўқлигини, аниқ режа асосида тезкор чора-тадбирлар олиб борилаётганини таъкидлаган.

«Бу ҳам бир синов, ҳеч ким кутмаган синов. Энг катта қилган ҳаракатимиз — одамларни хавфсиз жойларга кўчириш эди. Сизлардан, Оқолтин тумани раҳбарлари, оқсоқоллари, нуронийлари, маҳалла раисларидан, илтимос қиламан — ҳозир одамларни саранжом қилишимиз керак, ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилиб, вақтинчалик шароитларини яратиб берамиз», — деди Президент.

«Одамларни ҳозир йиғиб, уйларга жойлаштириб, нонини, овқатини, ҳамма шароитини қилиб, яшайдиган жой қилишимиз керак. Маҳалла раиси билан ‘участкавой’ ўтириб, ҳамма шароитини яратади. Ҳамма куч-воситани шунга сафарбар қиламиз. Шароит яхши бўлмагунича, бирорта раҳбар, мен бошчилигимда, ҳеч қаёққа қимирламаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Кечқурун мен ўзим бориб, сизлар билан суҳбат қилиб, бугунги маълумотлар ва эртанги режаларни келишиб оламиз», — деди давлат раҳбари Оқолтин тумани фаоллари билан мулоқот сўнгида.